2017-03-15 19:09:00

ПОЙТАХТ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ДАВОМАТГА ЖИДДИЙ ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛАДИ

Тошкент шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган матбуот анжуманида  пойтахтдаги мактаб, лицей ва коллежлардагиўқувчилар давомати муаммосини кучларни бирлаштириш йўли билан ҳал этилишига эътибор қаратилди

Матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, ИИББ, Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими бош бошқармаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида қабул қилинган “2016-2017-ўқув йилида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқувчилар давоматини тўлиқ таъминлаш, 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қамраб олишни амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил ахборот берилди.

        Мазкур қўшма қарорга кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини яхшилаш ва умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қамраб олиш бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларида доимий ишловчи ишчи гуруҳлар тузилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари белгилаб қўйилган.

 Тадбирда шу нуқтаи назардан энди таълим муассасаларига ўқишга қатнамайдиган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига ҳамда унга масъул бўлган, реал давоматни яширган таълим муассасалари раҳбар ходимларига нисбатан кескин чоралар кўрилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизматидан маълум қилишларича, қўшма қарорда ўн кун муддатда таълим муассасаларида ишга қабул қилинган “Камолот” ЁИҲ етакчилари билан биргаликда таълим муассасалари ички интизомига бўйсинмайдиган ўқувчиларнинг рўйхатларини тузиш, бир ҳафта муддатда барча таълим муассасаларидаги реал давоматни аниқлаш, маҳалла профилактика инспекторларини таълим муассасаларига бириктириш, профилактика инспекторлари ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан сабабсиз сурункали дарс қолдираётган, таълим муассасасининг ички тартиб интизомига бўйсинмайдиган, ҳуқуқбузарликка мойил ўқувчилар билан манзилли ишлаб, жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, уларнинг ота-онасига тушунтириш ишларини олиб бориш, айни чоғда фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи, шунингдек улар тарбиясига эътиборсиз ота-оналар билан алоҳида иш олиб бориш ва туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар йиғилишини ўтказиб, ўз ваколати доирасида тегишли чоралар кўриш белгиланган.

Матбуот анжуманида пойтахт мутасадди вакиллари журналистларнинг мавзу доирасидаги саволларига батафсил жавоб беришди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”