2017-03-16 18:29:00

ТАЛАБАЛАР ТАНЛОВИДА “ЭКОМЕВА ЛАЗЗАТИ” ЖАМОАСИ ҒОЛИБ БЎЛДИ

Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида «Йил давомида экологик соф, тоза ва сифатли мева-сабзавот ҳамда узум етиштириш» мавзуида иқтидорли талабалар кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Мазкур танлов Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигидаги “Қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида институт ректори Т.Остонақулов, лойиҳа раҳбари доктор Чак Мэй ва бошқалар дунё озиқ-овқат бозорида турли мева-сабзавотларга бўлган талаб, ушбу маҳсулотларни етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилиш борасида Ўзбекистоннинг салоҳияти, соҳада рақобатбардошликни оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Танловда агрономия факультетининг «Соҳибкор» ҳамда агроинженерия факультетининг «Экомева лаззати» жамоалари экологик тоза мева-сабзавот ва узум етиштириш бўйича давлат дастурлари мазмун-моҳиятига доир билимларини намойиш этдилар. Якунда ғолиблик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлов бериш технологияси таълим йўналишида таҳсил олаётган иқтидорли талабалардан таркиб топган «Экомева лаззати» жамоасига насиб этди ва улар танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

“Туркистон-пресс”