2017-03-16 18:39:00

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ КЎЛАМИ КЕНГАЯДИ

Халқ таълими вазирлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқиш, фуқароларнинг таълимга оид ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси, вазирлик “ишонч телефони” ва ҳудудий халқ таълими бошқарув идораларида ташкил этилган виртуал қабулхоналар орқали фуқароларнинг мурожаатлари қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида вазирлик томонидан яна бир янгилик жорий қилинди. “Халқ  билан  мулоқот ва инсон манфаатлари  йили”да таълим муассасалари билан ота-оналарнинг ўзаро ҳамкорлигини  янада кучайтириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янги  самарали механизмлари ва усулларини жорий этиш, ота-оналар билан таълим тизимига оид муаммоларни жойида ҳал этиш, бу борада аҳоли билан  яқиндан доимий мулоқотни тизимли ташкил қилиш максадида шу йилнинг 1 мартидан бошлаб республикадаги барча умумтаълим мактабларида “Ота-оналар билан мулоқот хонаси” ташкил этилди.

Мулоқот хонасида ота-оналар белгиланган жадвал асосида муассаса раҳбари, ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосар ёки маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари томонидан қабул қилинади. Мулоқот  жараёнига фуқароларнинг мурожаатидаги масалаларнинг мазмун -моҳиятидан келиб чиқиб, малакали ва тажрибали ўқитувчилар ёки тегишли синф раҳбарлари жалб қилиниши ҳам мумкин.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматидан маълум қилишларича, ҳар ойда камида бир марта умумий ўрта таълим муассасалари ҳузуридаги “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгаши аъзолари иштирокида “Ота-оналар билан мулоқот” кунлари ҳам ташкил этилади.

Ота-оналар исталган вақтда у ерга келиб, ўзларини қизиқтирган масала юзасидан раҳбар ходимлар билан мулоқот ўрнатиши мумкин. Бу эса мавжуд муаммоларни жойида тезкорлик билан ҳал қилиш ҳамда оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтириш имконини беради.

 “Туркистон-пресс”