2017-03-16 18:59:00

АРЗОН ВА СИФАТЛИ ДОРИ-ДАРМОН БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт тизимида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан биридир” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, тегишли мутасади вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилган.

Тадбирда соҳа вакиллари бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Унда таъкидланганидек, мустаққиллигимизнинг дастлабки кунларида атиги иккита корхона томонидан 30 га яқин дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 146 тани ташкил этмоқда. Улар томонидан 2200 дан ортиқ сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади.

Ҳозирда бу борада олиб борилаётган ишларнинг кўламини янада кенгайтириш мақсадида  Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қанча чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб республикамиздаги барча дорихоналарда “Истеъмолчилар бурчаги”да бўлиши мажбурий бўлган энг зарур дори воситалари ва тиббий буюмларининг минимал рўйхати шакллантирилган. Шунингдек, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати, белгиланган нархларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали осиб қўйилган.

Тиббиётда кенг қўлланиладиган 300 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилган, даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш йўлга қўйилган.

Агарда истеъмолчиларда мамлакатимиздаги мавжуд дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифати ҳамда нархлари билан боғлиқ бўлган муаммо, ариза, шикоят ёки таклифлар бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ушбу йўналишда ташкил қилинган (0371) 242-84-16 “Ишонч телефони” орқали мурожат қилишлари мумкин эканлиги таъкидланди.

Тадбирда журналистлар мавзуга доир саволларга жавоб олди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири