2017-03-17 12:36:00

ТОШКЕНТДАГИ БЕКАТЛАРДА БЕПУЛ WI-FI ИШЛАЙ БОШЛАДИ

Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган “BRAVO PHARMA” МЧЖ ХК компаниясининг ижтимоий лойиҳаси доирасида Тошкентдаги иккита автобус бекатларида бепул Wi-Fi ишлай бошлади.

Мазкур лойиҳанинг очилиш маросими 2017 йилнинг 16 март куни Тошкент  шаҳрининг “Олой”бозори қаршисидаги автобус бекатида бўлиб ўтди.

Лойиҳанинг очилиш маросимида давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари, ишбилармон доиралар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари иштирок этишди.

“BRAVO PHARMA” МЧЖ ХК компанияси Ўзбекистонда бир қанча ижтимоий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Аҳоли учун бепул Wi-Fi ни тақдим этиш мазкур йўналишдаги лойиҳалардан биридир.

Маниш Кумар Шанта, “BRAVO PHARMA” МЧЖ ХК компаниясининг операциялар бўйича директори:

 —Мазкур лойиҳа “BRAVO PHARMA” компаниясининг Ўзбекистон халқига Наврўз байрами муносабати билан совғасидир. “BRAVO PHARMA” инновацион компания бўлгани учун ўз фаолиятига янги технологияларни татбиқ этишга ҳаракат қилади. Мазкур лойиҳани амалга оширар эканмиз, биз имкон қадар кўпроқ инсонларни интернет ҳамда IT-технологиядан фойдаланишга жалб этишни истаймиз.

Ҳозирда бепул Wi-Fi пойтахтимиздаги иккита: “Олой” бозори қаршисидаги ҳамда Ойбек метросидаги автобус бекатларида ўрнатилди.

—Биз келажакда мазкур лойиҳамизни кенгайтиришни режалаштираяпмиз. Лойиҳамизнинг кейинги босқичларида бепул Wi-Fi нуқталари “Истиқлол” саройи ҳамда “Буюк Ипак Йўли” метроси ёнидаги бекатларда, истироҳат боғларида, шунингдек, университетлар, шифохоналар ва бошқа жамоат объектларида ўрнатилади, —қўшимча қилди Маниш Кумар Шанта.

Қайд этамиз, мазкур бекат смартфонларни қувватлантирадиган мосламалар, йўловчи транспортларининг ҳаракатланиш харитаси ҳамда қўл учун антисептик гель дозаторлари билан жиҳозланган Тошкент шаҳридаги ягона автобус бекатидир.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”