2017-03-17 13:35:00

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚАРО ТУРИЗМ КЎРГАЗМАСИДА БАРЧАНИ ЛОЛ ҚОЛДИРМОҚДА

Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган “MITT – 2017” халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиш қилинмоқда.

ЎзАнинг Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига асосланиб маълум қилишича, “MITT – 2017” халқаро кўргазмасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Central Asia Travel”, “Marco Polo CAT”, “Compass Tour”, “Azimut Samarkand Travel”, “Oriental Tales”, “Shahriyor-Tur” каби сайёҳлик компаниялари иштирок этмоқда.

185 мамлакатдан иккимингга яқин сайёҳлик фирма ва компанияси вакиллари, эксперт ва мутахассислар қатнашаётган кўргазма сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассамэтган.

Ўзбекистон мазкур халқаро сайёҳлик ярмаркасида бир нечайилдан буён фаол қатнашиб келмоқда. 2016 йилги ярмаркада Ўзбекистон миллий стенди “Энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти” мақомига сазовор бўлган эди.

Бу галл ҳам “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос янги дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчилари эътиборини тортмоқда. Унда мамлакат тарихий обидалари, ўзбек халқининг миллий анъана ва қадриятлари акс этган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент ва бошқа тарихий шаҳарларнинг диққатга сазовор жойларига оид ранг-баранг маълумотлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари ярмарка иштирокчиларида ката қизиқиш уйғотмоқда.

“Туркистон-пресс”