2017-03-18 15:00:00

ҲАРБИЙ ҚАСАМЁД — МАРД ЎҒЛОН ЛАФЗИ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли Тошкент олий ҳарбий техника билим юртида навбатдаги ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда билим юрти раҳбарлари, шахсий таркиби, тизимда хизмат қилиб, истеъфога чиққан собиқ офицерлар, ҳарбий хизматга чақирилган ота-оналари, республика оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбир одатий ҳарбий расм-русумларларга амал қилинган ҳолда бошланди. Саф майдонида кўкси ҳаяжон ва ғурурга тўла норғул йигитлар янги ҳарбий либосларда ҳарбий қасамёд қабул учун тизилишган. Уларни қўллаб-қувватлаш учун бу ерга келган ота-оналари, яқинларинингюз-кўзларида қалбида ғурур, фахр-ифтихор туйғулари акс этгани кўриниб турарди.

Тантанада ёш аскарларнинг оналари ҳарбий хизматга келган йигитлар учун яратилган шарт-шароитлардан кўнгиллари тўлганини, бунинг учун давлатимиз раҳбарларига, ҳарбий қисм командирларига чуқур миннатдорчилик изҳор этдилар. Фахрийлар эса ўз сўзларида бугунги дориломон кунларда Ватан ҳимоясига бел боғлаган бу йигитларга омадлар тилаш билан бирга улар хизмат пайтлардаги оғирликлар ҳақида гапириб беришди.

Маросим вазирлик ҳузуридаги ашула ва рақс ансамблининг куй-қўшиқлари, ота-оналар ҳамда ёш аскарларнинг рақслари билан якунланди.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”

(Муаллиф олган суратлар)