2017-03-20 13:51:00

ДУНЁНИНГ ЭНГ БАХТЛИ ДАВЛАТЛАРИ РЎЙХАТИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Норвегия дунёнинг аҳолиси энг бахтли бўлган давлати деб тан олинди. Бу ҳақда БМТ буюртмасига кўра “Sustainable Development Solutions Network” ташкилоти томонидан Халқаро бахт куни — 20 мартга атаб тайёрланган бахт бўйича жаҳон ҳисоботида айтилади.

Бахт даражаси бўйича иккинчи ўринда — Дания, ундан кейинги поғоналардан эса Исландия, Швейцария, Финляндия, Нидерландия, Канада, Янги Зеландия, Австралия ва Швеция жой олган. Америка Қўшма Штатларижаҳон бахт рейтингида 14-ўринни эгаллади. Германия 16— поғонада, Буюк Британия —19, Франция эса —31—ўринда. Ўзбекистон рейтингда 47-ўринда жойлашди, ундан кейинги поғоналардан эса Италия (48), Россия (49) ва Япония (51) каби давлатлар жой олди.

Ташкилот раҳбари — ҳисобот муаллифи Жеффри Сакснинг фикрича, “Бахтли давлатлар — бу моддий фаровонлик ва ижтимоий капитал ўртасидаги соғлом нисбатга эга мамлакатлардир”.

Ҳисоботда олтита омил эътиборга олинди — аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми, умр кўриш давомийлиги, мураккаб вазиятлардаги ижтимоий кўмак, ишонч (ҳукуматга), кишилар томонидан қарорларнинг эркин қабул қилиниши, шунингдек сахийлик.

Рейтингнинг энг охирги поғоналаридан Руанда, Сурия, Танзания, Бурунди ва Марказий Африка Республикаси жой олган.

“Туркистон-пресс”