2017-03-22 11:21:00

СПОРТЧИ ҚИЗЛАРГА СОВҒАЛАР

Наврўз байрами муносабати билан Наманган вилоятида 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётган назокатли қизларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари тантанали тарзда топширилди.

Анънавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур тадбир Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида байрамона кайфиятда ўтди. Шаҳардаги умумтаълим мактаблари, академик лицейлари, касб-ҳунар коллежларида ўқиётган 1813 нафар спортчи-қиз миллий ва замонавий дизайн уйғунлигида тикилган спорт формаларидан баҳраманд бўлди.

Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Аҳмедова, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Наманган вилояти филиали директори Акмалхон Мамадумаров, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Наманган вилоятидаги вакили Шокиржон Қорабоев сўзга чиқиб, мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини ошириш, шу жумладан, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётганини таъкидладилар.

Айниқса, бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Эътироф этиш жоизки, наманганлик моҳир, иқтидорли қизларимиз республика ва халқаро спорт ареналарида салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқдалар. Вилоят аҳли Бразилияда ўтган XV Паралимпия ўйинлари чемпиони ва рекордчиси Нозимахон Қаюмова, Жанубий Кореяда бўлган таэквондо WTF бўйича халқаро турнир ғолиби, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Севинч Муҳаммаджонова, Ҳиндистон мезбонлик қилган кураш бўйича жаҳон чемпионати олтин медали совриндори Мухлиса Абдумаликова, Қозоғистонда ўтказилган енгил атлетика бўйича халқаро турнир ғолиби Нурхон Муҳиддинова каби спорт маликаларимиз борлигидан фахрланса арзийди.

Рақамларга мурожаат этсак, вилоятдаги барча таълим муассасаларида таҳсил олаётган 233 мингдан зиёд ўқувчи қиздан 40 минг нафарга яқини мунтазам равишда спортга ошно тутинган. Қувонарлиси, уларнинг тенг ярми ўз йўналишларида вилоят ва мамлакатимиз терма жамоаларининг асосий етакчиларидан саналади.

Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларини қамраб олган тадбирларда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлари, касб-ҳунар коллежларида спорт билан мунтазам шуғулланаётган 11905 нафар қизларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган спорт кийимларидан иборат Президент совғалари топширилди.

— Президентимиз томонидан кўрсатилган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик биз, ёшларни чуқур илм олишга ундайди, спортга бўлган қизиқишимизни янада оширади, — дейди 26-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, пенчак силат бўйича Ўзбекистон чемпиони Сариноз Ибрагимова. — Миллий қадриятларимиз ва замонавий мода йўналишларига мос спорт либослари барчамизга бирдек манзур келди.

Дарҳақиқат, мана шундай рағбат спортчи-қизларни келгусида маррани янада баланд олишлари, юксак ғалабали одимларга илҳом, интилишларга қанот бағишлаши шубҳасиз.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”