2017-03-22 16:18:00

САМАРҚАНД ЗООЛОГИЯ МУЗЕЙИ: НОЁБ ЭКСПОНАТЛАРГА БОЙ МАСКАН

Ҳайвонот дунёси кишиларда доимий равишда ҳайрат ҳиссини уйғотиб келган. Инсонлар табиатда мавжуд ҳайвонот дунёси ҳақида турли хил китоблар ва медиа қурилмалардан маълумот олиши мумкин. Шунингдек, ҳайвонот дунёсининг пайдо бўлиши ва эвалюция жараёни ҳақидаги тўлақонли маълумотларни табиат ва ҳайвонот дунёсига оид бўлган музейлар орқали ҳам билиш имкони мавжуд.

Ана шундай музейлардан бири бугунги кунда Самарқанд давлат университетида ташкил этилган  Зоология музейи бўлиб, у 1934 йилда ташкил этилган. Музей Марказий Осиёда ягона зоология музейи ҳисобланади. Бу ерда 5000 дан ортиқ ҳайвонот олами экспонатлари мавжуд.

Бу экспонатлар музейга ташриф буюрувчиларда тўлақонли табиатга бўлган тушунчани шакллантириш учун бир неча туркумда жойлаштирилган. Буларга умуртқасиз ҳайвонлар, балиқлар катта синфи, сувда ва қуруқда яшовчилар синфи, судралиб юрувчилар синфи, қушлар ва сут эмизувчилар каби синфлар бўлиб, бу экспонатлар нафақат Ўзбекистонда мавжуд ва мавжуд бўлганлари ҳақида, балки, музейда Жанубий ва Шимолий Америка, Европа, Африка, Осиё, Австралия қитъаларида яшайдиган ҳайвон экспонатлари ҳам ўрин олган.

Мисол учун сут эмизувчилар бўлимига ташриф буюрган томошабинлар Ғарбий Украинада яшовчи вихухол Шимолий муз океанининг ороллари ва соҳилларида яшовчи, вазни 700-1000 килограммгача келадиган оқ айиқ, Қозоғистон, Хитой ва Узоқ Шарқда тарқалган Турон йўлбарси, Узоқ Шарқда тарқалган Уссурия йўлбарси, Африка ва Арабистон ярим оролида яшовчи арслон ёки шер, Африканинг жанубий қисмидан ташқари барча жойида тарқалган бородавочник, Жанубий Американинг шарқий соҳилларидан то Уругвайгача бўлган ўрмон зоналарида тарқалган қора бақироқ маймун ва бошқалар шулар жумласига киради. Бундан ташқари Ўзбекистоннинг эндемик турларидан Марказий Осиё ёки эрон қундузи, тяньшан қўнғир айиғи, Бухоро буғуси ёки хонгул, тяньшан қўйи ёки архар, қизилқум ёввоий қўйи, жайрон  ва халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи Қизил китобига киритилган қор қоплон ёки илвирс  ва бошқа ҳайвон экспонатлари билан танишишлари мумкин.

Музейдан ўрин олган яна бир бўлим, балиқлар катта синфи ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Бу синф вакиллари умуртқали ҳайвонлар ичида турларининг хилма-хиллиги ва кўп сонлилиги билан ажралиб туради. Музейда тоғайли балиқлар синфига мансуб оддий скат, тикандумли скат, электр скати, арра балиқ, катран ёки тиканли акула, суякли балиқлар синфидан Марказий ва Шимолий Американинг чучук сувларида яшовчи Шимолий Америка пансирли чўртан балиғи, Европа қитъасининг Испания, Дания, Норвегия сув ҳавзаларида кенг тарқалган Сарган балиғи, денгиз олабуға балиғи, хусусан Ўзбекистон Республикаси учун эндемик саналмиш балиқлардан Туркистон мўйловли балиғи тоғайли ганоидлар катта туркумидан кичик қилқуйруқ, Сирдарё қилқуйруғи, катта қилқуйруқ  ва бошқалар алоҳида ўринни эгаллайди.

Музейдаги экспонатлар ичида қушлар синфи вакиллари ўзининг ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Антарктидада яшовчи қирол пингвини ва император пингвин, Африка туяқушининг скелети ва тухуми, Австралияда яшовчи казуар, албатрос, товус, йўрға тувалоқ, қизғиш бирқозон  Ўзбекистон Қизил китобига киритилган йиртқич қушлар туркумидан болтаютар, илонхўр бургут, лочин, итолғи, сув қийғир, ғозсимонлар туркумидан оққуш-оққул, каролин ўрдаги, қизилқанот, лайлаксимонлар туркумидан оқ ва қора лайлаклар, товуқсимонлар туркумига мансуб Зарафшон водийси эндемиги Зарафшон қирғовули, хўжасавдогар ва бошқа қатор қушлар бугунги кунда музей кўркига кўрк қўшиб турибди.

Шунингдек, зоология музейи қошида 10000 турга мансуб жами 110000 дона ҳашаротлардан иборат энтомологик коллекция ҳам мавжуд.

Музейнинг энг диққатга сазовор ва қимматли экспонатларидан бири бу – инсон томонидан бутунлай қириб ташланган турон йўлбарси ҳисобланади. Агарда биз турон йўлбарсини 1954 йилдан буён на табиатда, ва на ҳайвонот боғларида сақланиб қолинмаганлигини инобатга олсак,  зоология музейида 1935 йилда Амударё соҳилларидан тутилган турон йўлбарси экспонати жаҳонда фақатгина мана шу музейда сақланиб қолганлиги ёки кейинги йилларда сони миқдори камайиб бораётган ўта қимматбаҳо мўйнали, сусарлар оиласига мансуб Марказий Осиё ёки Эрон қундузи экспонати ҳам диққатга сазовордир. Зоология музейининг эътиборни ўзига жалб этувчи экспонатларидан яна бири бу – Ҳиндистон филининг скелетидир.

2016 йилда бу музей яна бир янги экспонат – Балиқ-типраткан билан бойитилди. Балиқ-типратиканнинг яшаш жойи тропик денгиз ҳисобланади. Турли зоологик энциклопедияларнинг маълумот беришича, ушбу думалоқ балиқ  игнақоринли туркумидан бўлиб, у эластик ошқозонига катта ҳажмдаги сувни тўплаши ва бир неча баробарга йириклашиши мумкин. Балиқнинг териси қаттиқ ва ўткир тиканлар билан қопланган, шу боис уни йиртқичлар ютолмайди ёки тишлолмайди. Бундан ташқари, балиқ-типратиканнинг териси заҳарлидир.Ушбу ноодатий жонзотнинг заҳрига қарши дорилар ҳануз кашф қилинмаган.

Бугунги кунда бу каби музейлар инсонларда ўлка ҳайвонот дунёсига бўлган қизиқиш, унинг хилма-хиллиги, ранг-баранглиги, гўзаллиги, нафислиги, ҳайвонларнинг ҳаёти, биологиясини ўрганишга бўлган интилишни кучайтиришга уларнинг сирли феъл-атворларини ўрганишга, айрим фойдали ва зарарли фаолиятларини аниқлашга, инсонларни ҳайвонот дунёсига тўғри муносабатда бўлишга, фауна муҳофазаси муаммоларини ечишга хизмат қилиб келмоқда.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири