2017-03-22 18:46:00

ТАБИАТНИНГ МАНГУ САДОСИ

Бугун ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, халқимиз тарихи ва буюк аждодларимизнинг бизларга қолдирган улкан меросини акс эттиришда музейларнинг ўрни беқиёс.

Шу сабабли ҳам она табиатимизнинг бебаҳо бойликларидан, ўсимликлар, қушлар ва ҳайвонот оламининг бугуни ва ўтмиши ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлиш мақсадида Ўзбекистон Давлат табиат музейига ташриф буюрдик.

Музей 1876 йил 12 июлда ташкил топган бўлиб, ҳозирги кунда унинг илмий фондида табиатшуносликка оид экспонатлар сақланади. Бир ярим асрлик музейнинг тарихи ва ички олами қизиқарли экспонатлар билан бойитилган.

Музейдаги мавжуд биогуруҳлар, ҳайвонлар, ўсимлик намуналаридан иборат экспозициялар, инсонлар онгида аниқ тасаввур уйғотувчи тарзда яратилганлиги,ёш йигит-қизларимизнинг қизиқишини янада оширишга, маънавий дунё қарашини шакллантиришга ҳамда тарғибот самарадорлигини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Музейда “Қадимги геология”, “Ернинг пайдо бўлиши ва унда ҳаётнинг ривожланиши” алоҳида мавзу бўлиб кенгроқ тушунчага эга бўлишимизни таъминлайди. Айниқса “Антропология (Одамнинг пайдо бўлиши)”, “Эмбрионал ривожланиш” экспозициялари, “Табиий ва сунъий танлаш”, “Яшаш учун кураш” диограммалари, “Генетика ва селекция (Янги зот ва навларнинг яратилиши)” экспозицияси, Маданий ландшафтлар: “Пахтазор”, “Лалмикор бошоқли экинлар”, “Чорвачилик” диограмалари, “Ўзбекистон балиқлари” экспозицияси, “Тоғлар эрозияси (емирилиши)”, “Тоғларни терассалаш” диограмалари, “Ўзбекистонда учровчи ҳайвонлар ва йиртқич қушлар” залидаги  кўплаб тарихий экспонатлар инсоларни хаёлат уммони сари етаклайди.

Она табиатимизда бундан бир неча йиллар олдин учраган қуш ва ҳайвонларнинг қотирилган тарзда кўриниши ҳам тамошабинларда бир қанча қизиқарли саволлар уйғотмоқда. Ўзбекистон Давлат табиат музейининг илмий фондидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига оид музей ашёлари, экспозицияси доимо бойитиб ва янгиланиб келмоқда.

Музей илмий фондидаги 350000 яқин энтомология коллекцияси ҳамдўстлик  мамлакатларида мавжуд бўлган энтомология коллекциялари ўртасида юқори ўринларда турганлиги  билан ҳам аҳамиятлидир.

Амалга оширган ишлари натижаларига кўра музей 2005 йили “ЭКОСАН” экология ва саломатлик халқаро ташкилоти томонидан Экотуризм ва барқарор ривожланиш халқаро кўргазмасида фаол иштироки учун диплом, 2007 йил Марғилон шаҳрининг 2000 йиллигига бағишланган Ўзбекистон музейлари фестивалида фаол иштирок этганлиги учун иккинчи ўрин, 2008 йил Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган Ўзбекистон музейлари фестивалида фаол иштирок этганлиги учун иккинчи даражали диплом билан тақдирланганлиги музейнинг қанчалик экспонатларга бой эканлигини кўрсатади.

Музей экспозициясининг асосий манбаси ҳам гўзал ва бетакрор табиати ундаги мавжуд ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-аввайлаш ҳамда кенг оммага чиройли қилиб тарғиб қилиш тўғрисидаги дунё қарашларимиз янада кенгайди.                                                                         

ЎРОЛ ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири