2013-08-07 17:00:00

ОВҚАТЛАНИШ ГИГИЕНАСИГА АМАЛ ҚИЛИШ — САЛОМАТЛИК КАФОЛАТИ

Пойтахтимиздаги миллий матбуот марказида “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва  ҳаракат қилиш давлат тизимининг аҳоли ва ҳудудларни тиббий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича 2013 йил асосий тадбирлар режаси”га мувофиқ аҳоли орасида овқатдан оммавий заҳарланишнинг олдини олиш тадбирларига бағишланган  матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) Тиббий-биологик муҳофаза бўлими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Саломатлик ва тиббий статистика институти, Давлат санитария эпидемиология назорати маркази овқатланиш гигиенаси бўлими вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар овқатдан заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаблар, озиқ-овқат маҳсулотларида турли зарарли микроб ва бактериялар пайдо бўлишининг олдини олиш, инсон организмини турли микроблардан асраш учун гигиена қоидаларига риоя қилиш шартлари, токсикоинфекциялар таъсирида заҳарланиш белгилари қайд этилганда беморни даволаш усуллари ва бошқа мавзу доирасидаги муҳим маълумотларни тақдим этишди.

Анжуманда сўзга чиққан ФВВ Тиббий-биологик муҳофаза бўлими бошлиғи Абдусами Аҳматовнинг таъкидлашича, республикамизда эпидемиологик вазиятни барқарор сақлашда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини таъминлаш ўта муҳимдир. Боиси, бугунги кунда инсонларнинг эҳтиётсизлиги, ўз саломатлигига беэътиборлиги, қолаверса, гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилмаслиги оқибатида қатор мамлакатларда, шу жумладан, бизнинг ҳудудимизда ҳам баъзан овқатдан заҳарланиш ҳолатлари учраб турибди. Демак, бу борада аҳолига тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтириш керак.

— Овқат токсикоинфекцияси яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқатлар, ёз мавсумидаги иссиқ ҳарорат натижасида айниб қолган овқатлар таркибидаги бактериялар ажратадиган заҳарлар таъсири натижасида юзага келадиган касалликдир, — деди ўз маърузасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Саломатлик ва тиббий статистика институти ходими Лобар Зокирова. — Овқатдан заҳарланишнинг энг оғир тури ботулизм микроби таъсиридаги токсикоинфекция бўлиб, унинг қўзғатувчиси табиатда кенг тарқалган ва узоқ муддат сақланади. Консерва маҳсулотлари, тузланган ёки маринадланган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида учрайди. Бу касалликни эмлаб ёки антибиотиклар билан даволаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам инсон организмига турли зарарли инфекциялар тушиб қолмаслиги учун аввало санитария-гигиена ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш қоидаларига амал қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирда аҳоли орасида овқатдан оммавий заҳарланишнинг олдини олиш борасида бир қатор тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари, “Маҳалла” хайрия фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда жойларда қатор тарғибот ишлари олиб борилмоқда, теле, радио ва босма ОАВ да кўплаб чиқишлар, давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилмоқда. Шунингдек, барча вилоятларда деҳқон бозорлари ходимлари билан мулоқотлар ўтказилиб, уларга эслатмалар ва овқатдан заҳарланишнинг олдини олишга бағишланган босма материаллар тарқатиляпти.

Матбуот анжуманида иштирокчилар эътиборига озиқ-овқат токсикоинфекцияларидан эҳтиёт бўлиш, маҳсулотларни тўғри ва тоза сақлаш, яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқатларни истеъмол қилишдан сақланиш мавзуларидаги видео-роликлар тақдим этилди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”