2017-03-24 10:27:00

САМВЕЛ БАБАЯН: “ОХИРИГАЧА КУРАШАМИЗ, ҲАЛИ ИМКОНИЯТ БОР”

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Сурияга қарши (0:1) “ЖЧ-2018” саралаши учинчи босқичидан ўрин олган учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаш учун ҳали имконият борлигини таъкидлади. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

— Бугун футбол кўрмадик, боиси,  майдон ҳолати унчалик яхши эмас эди. Бугунги шароитларни ҳисобга олиб, яхшироқ ўйин намойиш этиш ва характер кўрсатишимиз талаб этилган эди. Бугунги мағлубиятдан афсусдамиз, аммо Ўзбекистон терма жамоаси ҳамон учинчи ўринда ва имкониятларини йўқотмаган. Биз олдинга интиламиз ва кейинги ўйинларда ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз. Умид қиламанки, кейинги ўйинларда оптимал таркибда майдонга тушамиз ва албатта, ғалаба қозонамиз. Футболчиларга ўйин учун миннатдорлик билдирдим. Улар қаттиқ меҳнат қилишди ва бор кучлари билан ўйнашди. Уларга эътирозим йўқ, — дейди Бабаян.

— Гуруҳдаги терма жамоаларда олдинга ҳаракат қилишлари учун яхши имконият бор. Ўйлайманки, барча кураш ҳали олдинда ва барча жамоаларда яхши имконият бор. Кейинги ўйинда Қатарга қарши ўйнаймиз. Ушбу учрашувга жиддий тайёргарлик кўрамиз ва умид қиламанки, Қатарни юта оламиз, — дея фикрини якунлади Самвел Бабаян.

“Туркистон-пресс”