2017-03-24 10:43:00

ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР — ЗАМОН ТАЛАБИ

Бухоро вилоят Давлат университетида ташкил этилган ўнинчи инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида ҳар бир илмий изланишларнинг ўзига хос ноёб хусусиятлари ва қирралари кўрсатилди.

Унда республикадаги илмий текшириш институтлари ва университетлари илмий ходимлари, корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари, мутахассислар, тадбиркор-фермерлар иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий университети физика факультети илмий ишлар бўйича декан муовини Жонибек Ҳамдамов ўзининг табиий толалар асосида тайёрланган намликни ўлчовчи электрон қурилма билан иштирок этар экан, албатта, ўз изланишлари ҳамда яратган янгилигининг ижобий жиҳатлари хусусида ярмарка иштирокчиларига батафсил маълумот бериб ўтди.

Бухоро Давлат университети табиий фанлар факультетидан иштирок этган Гулнора Ихтиёрова жонсиз асаларилардан “хитин” ва “хитазан” олиш орқали полисахарит модда, яъни матоларда гул босишни амалга ошириш хусусида тўхталди. Шунингдек, оддий чиқиндидан, яъни жонсиз асаларилардан олинган моддаларнинг фармацевтикада қўлланилиши, асосан буйрак шамоллаганда суртма сифатида суртиб даволаш мумкинлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Ўқитувчи Қундуз Воҳидова ҳам ўз устози билан бирга ўзининг “Қуёшли уй” деб номланган инновацион лойиҳаси билан фаол иштирок этди.

Ватанимиз ҳудудидаги қишлоқ жойларда энергия танқислигини бартараф этиш мақсадида, фақат Қуёш энергияси билан яшаш, уйларни иситиш ва оила зарурати учун қиш фаслида цитрус экинлари, сабзавот маҳсулотларини экиб етиштириш мақсадида яратилган ушбу қурилма асосан қишлоқда яшовчи оилалар учун мўлжалланган. Куз, қиш ва баҳор мавсумида фақат қуёш энергиясидан фойдаланилади.

— “Қуёшли уй” ишланмамизнинг асосий афзаллиги, уйга ва иссиқхонага қўшимча иссиқлик манбаининг қўлланилмаслиги ҳамда оилалар учун қўшимча сабзавотлар яратиш учун ҳам мўлжалланган. Кўргазмада иштирок этишимиздан асосий мақсад ҳам шунда, яъни ҳар биримиз ўз изланиш ва яратган янгиликларимизни аҳолига кўрсатиш, имкониятлари хусусида айтиб ўтиш, энг осон ва самарали йўлни топишни кўрсатишдир, — дейди Қундуз Воҳидова.

“Географик кенгликка нисбатан қуёш энергиясидан самарали фойдаланилган иссиқхона” ишланмаси билан иштирок этган Салим Ибрагимов ўз қурилмасининг афзаллик жиҳатлари хусусида маълумот бериб ўтди. Шунингдек, қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш учун ҳар бир ҳудуднинг географик кенгликка нисбатан иссиқхонанинг ўлчамлари ҳисобидан келиб чиқиб танлаб олиниши ҳам айтилди. Иссиқхона учун қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш инсоннинг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш ҳамда экологик тоза маҳсулотларини етиштиришга олиб келиши хусусида қурилманинг кичик макети мисолида кўрсатиб ўтди. Шу билан бирга иссиқхоналар учун энергия манбаи анъанавий ва ноанъанавий бўлиши мумкинлиги, табиий ёқилғини тежабгина қолмай, ташқи муҳитни муҳофаза қилишга қодир эканлиги тўғрисида лойиҳа муаллифлари томонидан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Х инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси каби кўргазмаларнинг ташкил этилиши албатта ёш ихтирочиларнинг изланишлари, имкониятларини янада намойиш этишга кенг йўл очиб бермоқда.

“Туркистон-пресс”