2017-03-24 12:24:00

ЎЗБЕКИСТОН ТУРИЗМ ИМКОНИЯТЛАРИ “ITB BERLIN-2017”ДА НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

Жорий йилнинг 8-12 март кунлари Берлинда бўлиб ўтган “ITB Berlin-2017” халқаро сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ягона стенд орқали намойиш этилди.

Мазкур кўргазмада “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳам ўзининг авиаташувлар соҳасидаги хизматларини тақдим қилди.

Шунингдек, кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси масъул ходимлари, миллий авиаташувчининг мутахассислари, республикадаги “Аsia Аdventures”, “Havas Тour”, “Compass Tour”, “Registon Travel”, “Sitara International LTD”, “Sarbon Tour”, “Olimpic Turservis”, “Azimut Samarkand Travel”, “Dolores Travel Services”, “Euroasia Travel”, “Bella Asia”, “Oriental Tales” сингари сайёҳлик компаниялари иштирок этдилар.

Ўзбекистон стенди кўп сонли Германиялик кўргазмага ташриф буюрувчиларнинг эътиборини жалб этди, улар мамлакатимиз, хусусан унинг сайёҳлик салоҳияти билан  қизиқдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонасида ўтказилган  ярмарка доирасида ҳам мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди. Унда Германия туризм бизнесининг 300 дан зиёд вакиллари, дипломатик корпуслари, ОАВ ходимлари ва немис туроператорлари иштирок этдилар. Тадбир давомида меҳмонлар учун концерт дастури ва фолкьлор жамоаларининг чиқишлари, мамлакатимиз минтақалари бўйлаб гастрономик саёҳат ва Ўзбекистон миллий таомлари тақдим этилди.

“Туркистон-пресс”