2017-03-27 13:59:00

ЯПОН ДРАМАТУРГИ АСАРИ САҲНАЛАШТИРИЛМОҚДА

Самарқанд вилоят мусиқали драма театри жамоаси мухлисларга юксак савиядаги пишиқ саҳна асарларини тақдим этиб келмоқда.

Жумладан, 2016 йилда драматург Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Олимжон Салимовнинг “Оромижонимсан мани”, жаҳон драматургиясидан Софокл ва Сенека асарлари асосида “Эдип” каби спектакллар, “Улуғбек юлдузлари” деб номланган симфоник-вокал, хореографик композиция мухлислар томонидан илиқ қарши олинди.

“Мирзо Улуғбек” тарихий драмаси жорий йилда “Йилнинг энг яхши спектакли” номинациясида “Эътироф” мукофотига сазовор бўлди. Бунда ижодий жамоамиз билан бир қаторда устоз санъаткор Эркин Комилов, Ўзбекистон санъат арбоблари Олимжон Салимов, Шуҳрат Абдумаликов, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаевларнинг ҳам хизматлари беқиёс бўлди.

Яқинда театрда атоқли драматург Иззат Султон қаламига мансуб “Имон” драмасининг премьераси бўлиб ўтди. Асар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев режиссёрлигида саҳналаштирилди. Бу, албатта, театрнинг ёш ижодкорлари учун катта маҳорат мактаби ва ўз тажрибаларини бойитиб боришлари учун имконият яратди.

Йил бошида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қаламига мансуб “Самарқанд сайқали” асари саҳналаштирилди. Асарда буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ижоди ва фаолияти, устози Абу Лайс Самарқандий билан муносабатлари акс эттирилган.  

—Жорий йилда театримиз жамоаси республикамизнинг Сурхондарё, Хоразм ва Наманган вилоятларига ижодий сафарларини режалаштирмоқда, — дейди мазкур театр директори ва бадиий раҳбари Баҳодир Шарофов. —Ушбу вилоятларда бугунги даврнинг долзарб масалалари ҳақида ҳикоя қиладиган У.Азимнинг “Огоҳ бўлинг, одамлар” ва Р.Муҳаммаджоновнинг “Давлат болалари” спектаклларини намойиш этишни режалаштирганмиз.

Айни кунларда театрда япон драматурги Д.Киносита қаламига мансуб “Турна пати” спектаклини саҳналаштириш устида ижодий жараён олиб борилмоқда.

“Туркистон-пресс”