2017-03-28 15:36:00

БАНКЛАР — ФАРОВОНЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда банк тизими йилдан йилга изчил ривожланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тақдим этилган қуйидаги кўрсаткичларда билиб олишимиз мумкин.

Марказий банк ҳисоботида қайд этилганидек, 2016 йилда самарали пул-кредит сиёсатининг амалга оширилиши ташқи талабнинг паст суръатлари сақланган бўлса-да, мамлакатнинг иқтисодий ўсишини таъминлаш ва “2016 йилги монетар сиёсатнинг асосий йўналишлари”да белгиланган вазифаларни тўлиқ бажаришга кўмаклашди, инфляция даражаси тасдиқланган параметрлар доирасида бўлди ва 5,7 фоизни ташкил этди.

Мамлакатнинг банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва унинг барқарорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди, бу эса юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришиш имконини берди.

Банк тизими капиталлашуви даражасини ошириш, унинг ликвидлиги ва барқарорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2016 йилда тижорат банкларининг умумий капитали 20,2 фоиз кўпайди ва 9,35 триллион сўмни ташкил этди. 2016 йил якунларига кўра, банк тизими капиталининг етарлилик даражаси халқаро Базель қўмитаси томонидан белгиланган халқаро стандартлардан деярли 3 баравар, унинг ликвидлиги эса энг юқори индикатор баҳолардан 2 баравар юқори бўлди. 2016 йилда банклар депозитлари ҳажми ошиши таъминланди. Ўтган йили тижорат банклари депозитларининг умумий ҳажми 44,6 триллион сўмни ташкил этди. Бу ўз навбатида, банклар активлари ҳажмининг 15,2 триллион сўмга ошишига ижобий таъсир кўрсатди. Банклар активларининг ҳажми 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 80,4 триллион сўмни ташкил этди.

2016 йилга мўлжалланган устувор вазифаларни бажариш доирасида тижорат банклари томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган банкларнинг кредит маблағлари қолдиқлари ҳажми 25,1 фоиз ошди ва 53,4 триллион сўмни ташкил этди. Ҳисобот йилида тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини бажариш учун 12,2 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга доир тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2016 йилда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2015 йилга нисбатан 1,3 баравар ошди ва 15,8 триллион сўмни, шу жумладан микрокредитлар 3,3 триллион сўмни ташкил этди.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга доир ишлар давом эттирилди. Тижорат банклари томонидан коллежлар битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун қарийб 362,1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди.

Умуман олганда, 2016 йилда банк тизимида ўтказилган аниқ мақсадга қаратилган тадбирлар иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлашга ва аҳоли фаровонлиги янада оширилишини таъминлашга кўмаклашди.

Банк тизимида эришилган ижобий натижалар халқаро рейтинг агентликлари берган баҳоларда ўз аксини топди. Охирги етти йил давомида “Moody’s” рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимига “барқарор” рейтингини тақдим этмоқда.

“Туркистон-пресс”