2017-03-28 16:26:00

ИШБИЛАРМОНЛИККА ХАЙРИХОҲ, ТАДБИРКОРГА КЎМАКЧИ

Бугунги кунда мамлакатимиз банк тизимини изчил ва аниқ мақсад йўлида ислоҳ қилиш, молия муассасаларининг иқтисодиётимизни ривожлантиришдаги ролини ошириш, уларнинг капиталлашув даражасини кучайтириш, иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш кўламларини кенгайтириш ҳамда кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, тижорат банкларининг мустақиллигини ва рақобатдошлигини ошириш, молиявий барқарорлиги ҳамда инвестициявий фаоллигини кучайтириш, банкдан ташқари айланмани камайтириш, жумладан озиқ-овқат (деҳқон) бозорларидаги нақд пулларни банк айланмасига жалб этиш ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини кенгайтириш бўйича ҳукуматимиз томонидан аниқ мақсад сари йўналтирилган амалий ишлар йўлга қўйилган. Пировардида, ютимизда тадбиркорлар сафи янада кенгайиб, ишбилармонлик муҳити яхшиланмоқдаа.

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан “Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида бу жиҳатлар алоҳида эътироф этилди.

Жумладан, тадбирда “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг барча филиалларида аҳоли билан иш олиб бориш учун алоҳида – 44 янги бўлимлар ташкил этилганлиги ва уларга 170 нафар малакали ходимлар жалб қилинганлиги таъкидланди.

Бугунги кунда “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан  мазкур янги тизим доирасида банкга бириктирилган 362 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 501 мингта хонадонларнинг барчасига таклиф хатлари юборилиб, унда асосан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш учун қулай муҳит яратишнинг қонуний асосларини яратиш каби масалалар билдирилган.

Тадбирда маълум қилинишича, “Ўзсаноатқурилишбанк” ходимлари томонидан йил бошидан бугунги кунга кадар 440 минг хонадонга ташриб буюрилиб, уларнинг имкониятлари ўрганилди, 362 та маҳаллаларнинг ҳар бирида семинарлар ўтказилди.

Бу каби олиб борилган ишлар натижасида 37 минг 327 та хонадон вакиллари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдириб, 15 минг 334 та хонадонга 105 миллиард сўм миқдоридаги микрокредитлар ажратилди ва 18 минг 322 та янги иш ўрини яратилди.

Кўрсатиб ўтилган ушбу рақамлар ортида ҳалқимизнинг манфаати ва уларнинг фаровон турмуш даражасини яхшилашга қаратилаётгани намоён бўлади, албатта.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ

“Туркистон-пресс” мухбири