2017-03-28 19:47:00

2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Кейинги йилларда республиканинг фаолият кўрсатаётган деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари ҳудудларида бир қатор қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши туфайли сотувчи ва харидорлар учун қулай шароитлар яратилиб, санитария ҳолатини яхшилаш, жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилди. 

Шу билан бирга, жорий вазиятнинг таҳлили олиб борилган ишларга қарамасдан, аксарият деҳқон бозорларида хавфсизлик чоралари, хусусан, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари ва нормалари, гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаганлигини, шунингдек, бозор ҳудудларига яқин масофаларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун муайян ноқулайликлар туғдираётганлигини кўрсатди. 

Деҳқон бозорларининг мамлакат иқтисодиётидаги, аҳолининг кундалик ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда харидорлар учун қулай шароитлар яратиш, савдони ташкил этиш соҳасида замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатишнинг илғор тажрибаси ва юксак маданиятини кенг тарғиб қилиш ва изчил жорий этиш, мавжуд деҳқон бозорларини шарқона ва миллий меъморчилик анъаналарини ҳисобга олган ҳолда замонавий савдо мажмуалари тарзида мукаммал реконструкция қилиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан республика ҳудудлари бўйича аҳоли сонини, мавжуд деҳқон бозорларининг аҳоли пунктларига нисбатан жойлашув масофасини ҳисобга олган ҳолда тўрт типдаги гипермаркет, супермаркет ва минимаркетлар кўринишидаги, шунингдек, уларга туташ майдонларда барпо этиладиган сэндвич-панеллардан кенг фойдаланилган енгил конструкцияли, вақтинчалик йиғма павильонлардан иборат замонавий савдо мажмуаларининг (кейинги ўринларда замонавий савдо мажмуалари деб аталади) намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

2. Қуйидагилар: 

2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ; 

2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби 2-иловага мувофиқ; 

2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини амалга ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий ишчи комиссияларнинг намунавий таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Республика комиссиясига (З.Мирзаев): 

Дастур сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда 2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорлари ҳудудида қуриладиган замонавий савдо мажмуаларини манзилли жойлаштириш; 

Дастурнинг бажарилиши тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериш вазифалари юклансин. 

4. Республика комиссияси (З.Мирзаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда: 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча мавжуд деҳқон бозорларини тўлиқ хатловдан ўтказсин; 

хатлов натижаларига кўра деҳқон бозорларининг кейинги самарали фаолиятини ташкил этиш бўйича тегишли амалий таклифларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари – ҳудудий ишчи комиссияларнинг раислари: 

2017 йил 1 майгача Республика комиссияси билан келишган ҳолда деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш ишларини амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторлар аниқланишини; 

деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ишлари барча шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилишини ҳамда объектларнинг Дастурда назарда тутилган муддатларда фойдаланишга топширилишини; 

барча манфаатдор ташкилотлар томонидан Дастурни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, зарур рухсатномалар (келишишлар) олишга доир ишлар ва тартиботларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминласинлар. 

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (Б.Зокиров): 

янги замонавий савдо мажмуаларининг ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалари ўз вақтида давлат экспертизасидан ўтказилишини; 

лойиҳалаш институтларини бириктириб қўйиш орқали белгиланган тартибда янги замонавий савдо мажмуалари амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, санитария қоидалари ҳамда нормаларига, гигиеник нормативларга сўзсиз риоя этилган ҳолда, фуқаролар хавфсизлигини ва объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш талабларига ва тасдиқланган намунавий лойиҳаларга қатъий мувофиқ ҳолда қурилиши устидан тегишли архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини; 

замонавий савдо мажмуаларини лойиҳалаштириш ва лойиҳанинг умумий қийматини шакллантириш жараёнида мақбул лойиҳа ечимларини қўллаш юзасидан қўйиладиган талабларга, уларда барча инфратузилма объектлари (шу жумладан, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, ҳудудни ободонлаштириш ва бошқалар) жойлаштирилишига, хавфсизлик талабларига (кузатув камералари ўрнатилишига) тўлиқ риоя этилиши устидан тизимли назорат амалга оширилишини таъминласин. 

7. "Ўзагросаноатлойиҳа" МЧЖ Дастурни амалга ошириш доирасида республика шаҳарлари ва қишлоқ жойларида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳалаш ташкилоти этиб белгилансин. 

8. 2017 йилда ишга тушириш режалаштирилган замонавий савдо мажмуалари объектлари бўйича қурилиш ва лойиҳалаштириш ишларини бир вақтнинг ўзида олиб боришга истисно тариқасида рухсат этилсин. 

9. Қуйидагилар: 

республиканинг қишлоқ жойларидаги деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қурилишига – Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг маблағлари, шаҳарларда эса – тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳамда тижорат банкларининг кредитлари; 

шаҳарлар ва қишлоқ жойлардаги деҳқон бозорлари ҳудудида қуриладиган савдо мажмуаларига туташ майдонларда барпо этиладиган сэндвич-панеллардан кенг фойдаланилган енгил конструкцияли, вақтинчалик йиғма павильонлар қурилишига – Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг маблағлари; 

савдо мажмуаларига туташ ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдонлари (автотураргоҳлар)ни ташкил этиш тадбирларини амалга оширишга – Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамда тадбиркорлик субъектлари маблағлари 2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини амалга оширишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин. 

10. Белгилаб қўйилсинки: 

замонавий савдо мажмуаларининг қурилиши тадбиркорлик субъектлари ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил қилинадиган Бозорлар қурилиши дирекцияси (кейинги ўринларда – Дирекция деб аталади) томонидан кейинчалик қурилиши тугалланган замонавий савдо мажмуаларини тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда сотиш шарти билан амалга оширилади; 

республика ҳудудларида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш бўйича пудрат ташкилотларини танлаш Дирекция томонидан амалга оширилади. 

11. Замонавий савдо мажмуалари қурилиши билан боғлиқ харажатларни оптималлаштириш мақсадида 2020 йил 1 январгача бўлган муддатда: 

Дирекция – замонавий савдо мажмуаларини қуриш учун берилган ер участкалари учун ер солиғи, шу жумладан, битимларни давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божлари ва йиғимлар, қурилиши тугалланган замонавий савдо мажмуаларини белгиланган тартибда сотишдан олинган даромадлар бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар тўлашдан; 

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, замонавий савдо мажмуалари қурилишига сэндвич-панеллар етказиб берадиган ташкилотлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига, тижорат банкларига Дастурни амалга ошириш доирасида: 

савдо мажмуалари курилиши учун тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоизларда камида 5 йил муддатга ва асосий қарзни қайтариш бўйича камида 1 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилишини таъминлаш; 

тижорат банкларига нисбатан бир тармоқ ташкилотларига бериладиган кредитларнинг энг юқори улушига доир белгиланган чекловлар ҳамда тижорат банкларининг бошқа ташкилотларнинг устав капиталларида иштироки юзасидан чекловлар қўлламаслик тавсия этилсин. 

13. Белгилаб қўйилсинки: 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки иштирокида сэндвич-панеллардан, йиғма енгил конструкциялардан кенг фойдаланилган ҳолда барпо этилган савдо павильонларини ўз ичига олган деҳқон бозорларининг устав фондида белгиланган тартибда 51 фоиздан кам бўлмаган давлат улуши сақлаб қолинади; 

Дирекция томонидан деҳқон бозорлари ҳудудида йиғма конструкцияли вақтинчалик савдо павильонларини қуришга сарфланган маблағлар замонавий савдо мажмуалари лойиҳа қийматига киритилмайди. Бунда Дирекция зарурат бўлганда енгил конструкцияли вақтинчалик савдо павильонларини бузиш ва бошқа жойга кўчириш ҳуқуқига эга бўлади. 

14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги: 

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари томонидан замонавий савдо мажмуалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда фуқаролар хавфсизлиги ҳамда ёнғин хавфсизлиги талаблари таъминланиши, видеокузатув камералари ҳамда фавқулодда вазиятлар ҳақида фуқароларга хабар бериш тизими билан жиҳозланиши, айниқса, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етарли бўлиши, жамоат, шахсий ва авария-қутқарув автотранспорт воситалари эркин ҳаракатланиши учун йўллар зарур сифатга эга бўлиши устидан назорат ўрнатилишини; 

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга топширишдан олдин уларда хавфсизликни таъминлашни назарда тутувчи амалий-тактик машғулотлар ўтказилишини ва кейинчалик бундай тадбирлар ҳар чоракда бир марта ўтказилиши йўлга қўйилишини таъминласинлар. 

15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ ва “Ўзқурилишматериаллари” АЖ буюртмачи ҳамда лойиҳалаш ташкилотининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш учун тартибга солинадиган нархлар бўйича металл прокати ва цемент ажратилишини таъминласинлар. 

16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда зарур ер участкалари ажратилишини, шунингдек, уларнинг ҳудудлари тайёрланишини ҳамда бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланишини таъминласинлар. 

17. 2017 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ: 

деҳқон бозорларига туташ ҳудудларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ушбу деҳқон бозорлари таркибига ўтказилади ва кейинчалик улар фаолиятидан тушган пул тушумлари деҳқон бозорларининг солиқ солинадиган даромадлари таркибига киритилади ҳамда ушбу маблағларнинг 50 фоизи маҳаллий бюджетларга йўналтирилади; 

50 та ва ундан ортиқ савдо ўринлари мавжуд бўлган барча деҳқон бозорларида, шунингдек, деҳқон бозорларига туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида бир марталик йиғимнинг йиғилиши давлат солиқ хизмати органларининг ходимлари томонидан назорат қилиниши таъминланган ҳолда фақат банк тизими орқали ундирилишини автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиш мажбурий тартибда жорий қилинади. 

18. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси деҳқон бозорлари ҳудудида санитария-эпидемиология хизмати ва ёнғин хавфсизлиги давлат хизматининг доимий фаолият кўрсатувчи турғун постлари ташкил этилишини, бозорларда санитария, молиявий интизомга риоя этилиши, ёнғин хавфсизлиги ҳолати учун масъул бўлган ходимлар бириктирилишини, шунингдек, уларнинг фаолияти ташкил этилишини белгиланган тартибда таъминласинлар. 

19. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги масалага алоқадор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда деҳқон бозорларида ва замонавий савдо мажмуаларида озиқ-овқатлар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини самарали ташкил этиш ва уларнинг қошида савдо-харид корхоналари ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин. 

20. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

21. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 март 

 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2019 йиллар 

даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг 

ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини 

тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига 

ШАРҲ 


Давлатимиз мустақиллиги даврида деҳқон бозорларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, харидорлар ва сотувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, республиканинг йирик саноат шаҳарлари ва қишлоқ туманлари марказларида фаолият кўрсатаётган бозорлар ҳудудларини ободонлаштириш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. 

Кейинги 5 йилда Тошкент шаҳрида ва ҳудудларда 17 та деҳқон бозори мукаммал реконструкция қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги "Олой" ва "Миробод" бозорлари тўлиқ бузиб ташланди ва уларнинг ўрнида анъанавий шарқ безаги элементларидан фойдаланилган янги замонавий деҳқон бозорлари барпо этилди. 

Бундан ташқари, айрим шаҳарларда, вилоятлар ва йирик туман марказларида ҳам деҳқон бозорларини бузиб ташлаш, қайта қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, уларнинг ўрнида барча зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига ҳамда сотувчилар ва харидорлар учун қулайликларга эга бўлган замонавий обод бозор мажмуалари барпо этилди. 

Шу билан бир қаторда, олиб борилган ишларга қарамасдан, аксарият деҳқон бозорларида хавфсизлик чоралари, хусусан, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаганлиги, шунингдек, автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун бир қатор ноқулайликлар туғдирмоқда. 

Ҳозирги вақтда фаолият кўрсатаётган 328 та деҳқон бозорини ҳар томонлама танқидий таҳлил қилиш: 

бозорларнинг 70 фоизидан ортиғининг (231) моддий-техника базаси савдони ташкил этишнинг замонавий талабларига (муҳандислик-коммуникация тармоқлари, савдо расталари, ободонлаштириш, автомобиллар тўхташ жойлари ва бошқалар) жавоб бермаслигини; 

туманлардаги қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган бозорларнинг 20 фоизидан ортиғи (59) ҳафтада фақат бир кун ва зарар кўриб ишлашини; 

бозорларнинг 90 фоизидан ортиғи (301) замонавий қурилиш нормалари талаблари ва савдо хизмати кўрсатиш шартлари ҳисобга олинган ҳолда мукаммал таъмирлашни талаб этишини; 

республика қишлоқ туманлари аҳолиси амалда бозорларда замонавий тўлов тизимларидан (пластик карточкалардан) фойдаланиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж товарларини сотиб олиш имкониятига эга эмаслигини, аҳолига савдо хизматлари кўрсатиш даражаси ҳам замонавий талабларга жавоб бермаслигини кўрсатди. 

Деҳқон бозорларининг асосий қисми катта ҳудудларни эгаллайди, кўпинча аҳоли учун истеъмол товарларининг энг зарур турлари сотувда бўлмайди. 

Ушбу барча омиллар деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларни янада ривожлантириш стратегиясини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда. 

Деҳқон бозорларининг меъморий қиёфасини яхшилаш ва замонавий савдо-бозор инфратузилмасини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Деҳқон бозорларини реконструкция қилишни давом эттириш концепциясининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди: 

бозорлар сонини ва улар эгаллаб турган майдонларни мақбуллаштириш; 

бозорлар ҳудудида мижозларга сифатли сервис хизмати кўрсатишни ташкил этган ҳолда озиқ-овқат ва истеъмол товарлари билан савдо қилишга мўлжалланган замонавий савдо мажмуалари қуриш; 

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган бозорларни реконструкция қилиш, сэндвич-панеллардан кенг фойдаланилган ҳолда енгил конструкцияли йиғиб-териладиган савдо павильонлари барпо этишни ва зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминлашни назарда тутувчи қулай шарт-шароитлар яратиш. 

Қарор билан деҳқон бозорларини реконструкция қилиш дастури тасдиқланди, унда қуйидагилар назарда тутилган: 

биринчи – деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдонинг барча талабларига жавоб берадиган 3 қаватли гипермаркетлар (9), 2 қаватли супермаркетлар (28), 1 қаватли супермаркетлар (126) ва минимаркетлар (79), шунингдек, уларга туташ ҳудудларда автомобилларга мўлжалланган автотураргоҳлар барпо этиш; 

иккинчи – сэндвич-панеллардан кенг фойдаланган ҳолда енгил конструкцияли йиғиб-териладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишга ихтисослашган савдо павильонлари қуриш; 

учинчи – 59 та самарасиз ва зарар кўриб ишлаётган деҳқон бозорларини оптималлаштириш, кейинчалик уларнинг ҳудудида замонавий савдо ва озиқ-овқат объектлари қуриш. 

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, қуйидагилар лойиҳаларни молиялаштириш манбалари ҳисобланади: 

республиканинг қишлоқ туманларидаги деҳқон бозорлари ҳудудида ташкил этиладиган савдо мажмуалари қурилиши, улар ҳудудини ободонлаштириш ва автотураргоҳлар ташкил қилишга – “Ўзмиллийбанк” маблағлари; 

йирик шаҳарлардаги деҳқон бозорлари ҳудудида ташкил этиладиган савдо мажмуалари қурилиши, улар ҳудудини ободонлаштириш ва автотураргоҳлар ташкил қилишга – биринчи навбатда тадбиркорлар маблағлари ҳисобига, шу жумладан, тижорат банкларининг камида 5 йил муддатга бериладиган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан оширилмайдиган ставка бўйича кредит маблағлари; 

республиканинг шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган деҳқон бозорлари ҳудудида қуриладиган савдо мажмуаларининг ёнида ташкил этиладиган сэндвич-панеллардан кенг фойдаланиладиган енгил конструкцияли савдо павильонларини ташкил этишда – “Ўзмиллийбанк” маблағлари. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Дастурни амалга оширишга жами 746 миллиард сўм, шундан 631,5 миллиард сўм “Ўзмиллийбанк” маблағлари ва 81,5 миллиард сўм тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳамда тижорат банкларининг имтиёзли кредит ресурслари жалб этилади. 

Энг муҳими, республиканинг қишлоқ туманларида фаолият кўрсатиб турган деҳқон бозорлари ҳудудида ташкил этиладиган 3 та 3 қаватли гипермаркет, 21 та 2 қаватли ва 116 та 1 қаватли супермаркет ҳамда 63 та минимаркет қурилиши “Ўзмиллийбанк” томонидан амалга оширилиб, кейинчалик маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда, жойлардаги молиявий барқарор тадбиркорларга хусусий мулк сифатида сотилиши кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, республика шаҳарларида қуриладиган 6 та замонавий гипермаркет, 17 та супермаркет ҳамда 16 та минимаркет қурилиши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан тавсия этилган молиявий барқарор бўлган маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган. 

Деҳқон бозорлари ҳудудида қуриладиган 531 та замонавий ва ихчам енгил темир конструкциялардан фойдаланган ҳолда йиғиб-териладиган савдо расталарининг қурилишини молиялаштириш, шунингдек, “Ўзмиллийбанк” маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб республика ҳудудларида 50 та ва ундан ортиқ савдо ўринлари мавжуд бўлган барча деҳқон бозорларида давлат солиқ хизмати органларининг ходимлари томонидан йиғимнинг тўлиқлигини ҳар куни текширган ҳолда фақат банк тизими орқали бир марталик йиғимлар ундирилишининг автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиниши мажбурий тартибда жорий этилади. 

Бундан ташқари, 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб деҳқон бозорларига тегишли ҳудудда жойлашган автотўхташ жойлари мазкур бозорлар ихтиёрига ўтказилади. Автотўхташ жойларидан тушадиган пул тушумлари ҳисобидан бозорлар ва савдо комплексларнинг даромадлари ошади, бу эса бир вақтнинг ўзида бозорлар даромадларидан давлат бюджетига ажратмалар ортишини таъминлайди. 

Дастурнинг амалга оширилиши деҳқон бозорларининг сони ва ҳудуди мақбуллаштирилишини, уларнинг майдонларидан ва инфратузилма объектларидан самарали фойдаланилишини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини, харидорлар учун қулай савдо муҳити яратилишини, савдони ҳисоб-китоб терминаллари орқали ташкил этиш ҳисобига нақд пул маблағлари айланмаси қисқаришини, шунингдек, республикада 2020 йилда деҳқон бозорлари тўлиқ реконструкция қилинишини таъминлайди.