2017-03-29 19:44:00

ЖИЗЗАХДА ЖАМОАТЧИЛИК МАСЛАҲАТ КЕНГАШИНИНГ ЙИҒИЛИШИ ЎТКАЗИЛДИ

Жиззахда Давлат солиқ бошқармаси ҳузуридаги жамоатчилик маслаҳат кенгашининг йиғилиши ўтказилди. Тадбирда тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маданият, санъат ва фан намоёндалари ҳамда намунали солиқ тўловчи жисмоний шахслар иштирок этди.

Йиғилишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш борасида конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларни бажариш, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги солиқ қонунчилигига тўла риоя  этилиши устидан назоратни амалга ошириш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожлантиришни таъминлашда, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишда ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш учун ташкил этилган жамоатчилик маслаҳат кенгаши фаолияти ва унинг аҳолининг солиқ маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналишидаги тарғибот ишлари давлат солиқ органларига яқиндан кўмак бўлаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари давлат солиқ хизмати органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали жамиятда солиқ маданиятини янада юксалтириш, солиқ соҳасига оид ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш каби таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида уқтириб ўтишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”