2017-03-30 15:00:00

ХАЛҚАРО ТЕАТР КУНИГА БАҒИШЛАНДИ

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида театрнинг Халқаро театр куни муносабати билан “Эслайсизми?” деб номланган  концерт дастури бўлиб ўтди.

Унда вилоятнинг таниқли маданият ходимлари, театрнинг фахрий актёр ва актрисалари, санъат коллежи ўқитувчи-мураббийлари, ўқувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Уч йилдан буён  ўтказиб келинаётган мазкур тадбирда элимиз ардоқлаган санъаткорлар ижро этган боқий куй ва қўшиқлар театрнинг симфоник оркестри, хор ва балет жамоаси ёш актёр ҳамда актрисалари томонидан ижро этилди.

— Самарқанд театри республикамизнинг бошқа театрларига ўрнак бўладиган даражада ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Абдурашид Эргашев. — Театр жамоасининг бугунги тадбирдаги чиқишлари менда катта таассурот қолдирди. Симфоник оркестр, хор ва балет жамоаларининг чиқишларини кўриб шундай хулосага келдикки, келгусида алоҳида концерт дастури тайёрлаб халқимизга тақдим этиш лозим.

Бундан ташқари, сана муносабати билан театр кубоги учун футбол мусобақаси ташкил этилиб, ғолиблар рағбатлантирилди.

Тадбир давомида фахрийларга, театр жамоасида фаолият юритаётган  актёр ва актрисаларга турли номинациялар бўйича диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

“Туркистон-пресс”