2017-03-30 19:25:00

ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР, ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА ЛОЙИҲАЛАР ТАҚДИМОТИ

Пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо” мажмуасида X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси доирасида Тошкент ҳудудий тақдимоти бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар, Тошкент ва Сирдарё вилояти ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзфармсаноат”, “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик жамиятлари, Олмалиқ кон-металлургия комбинати,  Савдо-саноат палатаси ҳамда “Камолот” ЁИҲ томонидан ташкилотчилигида бўлиб ўтган тақдимотда 350 дан ортиқ инновацион илмий ишланма ва лойиҳалар намойиш этилди.

Юртимизда ёш истеъдод эгаларини кашф этиш, уларнинг қобилият, аниқ касб-ҳунарга доир билим ва кўникмаларини рўёбга чиқариш устувор вазифалардан саналади.

Бу жиҳатлар ҳар томонлама соғлом ва баркамол, ўз билим ва истеъдодини, бор куч-ғайратини эл-юрт манфааатлари йўлида сафарбар этишга тайёр бўлган ватанпарвар ёш кадрларни вояга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ярмарка доирасида ташкил этилган тақдимотларда ҳам асосан ёш олимлар ва мутахассислар томонидан яратилган илғор технологияларнинг амалга кенг татбиқ этилиши ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ҳамда аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш даражасини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ушбу кўргазмада намойиш этилган янги лойиҳалар ва илғор технологиялар Тошкент шаҳрининг 40 та ҳудудий саноат корхоналарида амалга татбиқ этилаётгани, олиб борилаётган ишлар мавзуси хилма-хил бўлганлиги иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири