2017-03-30 19:43:00

ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАРДАН ТЎҒРИ ВА УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЙЎЛИДА

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбектелеком” акциядорлик жамияти, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ҳамда “Ўзинфоком” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази томонидан ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга йўналтирилган таълимий ва кўнгилочар ресурслардан фойдаланиш мумкин бўлган махсус “ZiyoNET” тариф режаларининг жорий қилинишига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда сўзга чиққанлар интернет технологиялари фойдали жиҳатлари билан бирқаторда, ёшлар ўртасида зўровонлик, экстремизм, миллатлар ўртасида келишмовчилик ва бошқа салбий таъсирларни оммалаштириш воситаси бўлиб ҳам қолаётганини афсус билан тилга олишди.

Ёшларимизнинг бу каби салбий таъсирлар оқимига тушиб қолмаслиги учун барчамиз бирдек масъулмиз. Шу боис, ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва маънавий етук, иродаси мустаҳкам бўлиб камол топиши йўлида ота-оналар билан биргаликда, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, таълим даргоҳлари ҳам таъсирчан ишларни йўлга қўйган.

Бу борада интернет тармоғида қулай, хавфсиз муҳит яратиш, таълим ва билим берувчи ресурслардан ягона нуқтадан фойдаланишларини ташкил қилиш орқали ёшларимизнингсоғлиқлари ва ривожланишларига салбий таъсир кўрсатувчи ахборот ҳамда кибер-хуружлардан ҳимоя қилиш мақсадида “Ўзбектелеком” акциядорлик жамияти томонидан махсус тариф режалари туркуми ва қўшимча хизматлар жорий этилмоқда.

Мазкур хизмат ва тарифларни ишлаб чиқишда 2006 йилдан бошлаб таълим муассасалари, ахборот-кутубхона марказлари, илмий, маданий-маърифий марказлар, яъни юридик муассасалар имтиёзли равишда уланиб келган “ZiyoNET” тарифи режаси асос қилиб олинган. Тадбирда эндиликда “Ўзбектелеком” АК вакиллари “ZiyoNET”нинг махсус тариф режаларига жисмоний шахслар ҳам уланиши мункин эканлигини айтиб ўтишди.

Ушбу “ZiyoNET” тариф режасида ягона ахборот ресурслари рўйхатига киритилган халқаро ва TAS-IX, яъни миллий UZ доменида фаолият кўрсатувчи сайтлардан фойдаланиш мумкин бўлади.

Мазкур хизмат ва тарифлар ҳақида аҳоли ўртасида тўлақонли тушунчани шакллантириш учун ўзбек ва рус тилларидаги қўлланма чоп этилиб, вояга етмаган ёшлар ва уларнинг ота оналари билан мактаб, лицей ва турли муассасаларда учрашувлар ташкил этилади.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири