2017-03-30 20:00:00

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛМОҚДА

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятли дори воситалари билан чегараланган нархларда таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар”  тўғрисида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Ўзфармсаноат” акциядорлик ташкилоти томонидан ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, аҳолини ижтимоий аҳамиятли арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бу эса фармацевтика саноатини янада такомиллаштиришни талаб этади.

Шу мақсадда жорий йилнинг 18 мартида фойдаланишга топширилган  “Ўзфармсаноат” таркибида фаолият олиб бораётган “Well med pharm” янги фармацевтика саноати бундай имтиёзлардан фойдаланиб, ягона солиқ тўловидан озод этилган, тежалган маблағлари устувор мақсадларга, мамлакатимиз аҳолисини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлашга, импорт ўрнини босадиган дори воситалари ҳажмини оширишга, маҳаллийлаштириш дастурининг мақсадли параметрларини бажаришга ва янги иш ўринларини яратишга асосий эътибор қаратилган.

Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, нарх-наво мутаносиблигини таъминлаш каби муҳим вазифалар белгиланганлиги бу борада олиб борилаётган ишларнинг кўламини янада оширишга ҳизмат қилмоқда.

Матбуот анжуманида бугунги кунда маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан улгуржи компаниялар  ва дорихоналар учун ижтимоий аҳамиятга эга бўлган  дори воситалари ва тиббиёт буюмларга бўлган эхтиёжни тўлиқ қондириш, шунингдек четдан келтирилган дори воситалари ўрнини босувчи дориларни ишлаб чиқариш устида доимий тарзда иш олиб бориш ва истеъмолга чиқариш устувор вазифа сифатида белгилаб олингани алоҳида қайд этилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири