2017-03-31 10:52:00

СУРАТЛАРДА ҲАЁТ ЖИЛОСИ

Самарқанд давлат университетида моҳир фотоижодкор, олийгоҳ фотолабораторияси раҳбари Александр Харитоновнинг “Ҳаётимнинг ранг-баранглиги” деб номланган фото кўргазмаси бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда университет ректори Р.Холмуродов ва бошқалар А.Харитоновнинг юртимиз фото санъати ривожига қўшган ҳиссаси, ижод намуналарининг бой маданий меросимизни келажак авлодга етказишдаги аҳамияти хусусида сўз юритишди.

— А.Харитоновни республикамизда моҳир суратчи сифатида кўпчилик яхши танийди, — дейди Р.Холмуродов. — Эллик йилдирки, у яратган суратларда вилоятнинг шаҳару туманларида амалга оширилган қурилиш, бунёдкорлик ишлари жараёни, юртимиз тарихий обидалари, миллий урф-одат ва қадриятларимиз акс этиб келмоқда. У доимо одамларга, жамиятга нафи тегаётган кишилар ҳақида эшитган заҳоти уларни излаб топади ва фаолиятини суратга муҳрлайди.

Кўргазмадан А.Харитоновнинг юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, СамДУнинг салкам ярим асрлик фаолиятига доир 50 дан ортиқ фотосуратлари ўрин олган.

“Туркистон-пресс”