2017-03-31 16:22:00

ТОМОРҚА – МИСЛИ ХАЗИНА

Сирдарё тумани аҳолиси томорқадан унумли фойдаланиш маданиятини яхши ўзлаштирган. Шу боис улар етиштирган маҳсулотлар мўмай даромад манбаи бўлибгина қолмасдан, балки бозорлар тўкинлигини ҳам таъминламоқда.

– Меҳнат қилган одамга томорқа кони фойда, нақ хазинанинг ўзи, – дейди “Халқобод” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Баҳодир Синдоров. – Томорқамиздаги иссиқхонада лимон етиштирамиз. Бу ердаги 22 туп лимоннинг мандарин билан чатиштирилган юқори ҳосил берувчи “Юбилейний” навидан топган даромадимиз рўзғоримизни обод қилмоқда.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Сирдарё туманида томорқачилик яхши ривожланган. Ҳудудда ташкил этилган агрофирмалар эса томорқачиларни минерал ўғит, кўчат ва уруғлар билан таъминлабгина қолмасдан, уларнинг маҳсулотларини истеъмолчиларга етказишда ҳам яқин кўмакчидир.

Албатта, томорқачиликни янада оммалаштиришда банк муассасаларининг муносиб ўрни бор. Ҳозирда тумандаги мавжуд тижорат банклари ходимлари уйма-уй юриб, аҳоли билан мулоқотларда томорқа хўжалигини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кердитлар ажратиш бўйича тушунчалар, аниқ таклиф ва тавсиялар бермоқда. Пировардида, иссиқхоналар ташкил этаётган, улардан унумли фойдаланаётган хўжаликлар сони тобора ортиб бормоқда.

Ҳозирги кунгача туманда 500 дан ортиқ хонадон банкдан кредит олиб, томорқа хўжалигини янада ривожлантирмоқда. Мақсадли сарфланаётган сармоя эса янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилаяпти.

“Туркистон-пресс”