2017-03-31 16:36:00

МЕҲР-МУРУВВАТ КЎРСАТИЛМОҚДА

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари пойтахтимиздаги имконияти чекланган кишилар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишни изчил ташкил этиб келмоқда.

Шундай тадбир Чилонзор туман партия кенгаши томонидан ташкил этилди. Улар «Охунжон шифо-фарм» ходимлари билан биргаликда «Навбаҳор» маҳалласида истиқомат қилаётган имконияти чекланган кишилар хонадонига келишди. Хусусан, Гултожи Ибрагимова, Эркин ва Солиҳа Норматовлар хонадонларида дилдан суҳбат қуришди.

— Жисмоний имконияти чекланганларнинг кўнглини кўтариш уларга руҳан мадад беради, ҳаётга қизиқишини оширади, — дейди ЎзХДП Чилонзор туман кенгаши раиси Доно Маҳмудова. — Ҳуқуқий демократик давлат, одил фуқаролик жамиятида аҳоли барча қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш асосий мақсад ҳисобланади. Хайрия тадбирлари давомида бунга яққол амин бўлдик. Одамлар билан дилдан суҳбатлашиб, қизиқишлари, ниятлари ҳақида сўрадик. Муаммоларга биргалашиб ечим топишга ҳаракат қилдик. Кўнгил сўраш билан бир қаторда зарурий дори-дармон воситаларини бердик.

Шу куни Тошкент шаҳар партия кенгаши фаоллари ҳам Сергели туманидаги Шоҳиста Юнусовава Гуласал Синдорованинг ҳолидан ҳам хабар олишди.

— Иккита қизим бор, — дейди Гуласал опаСиндорова. — Каттаси бу йил коллежни тамомлайди. Кичиги эса академик лицейда ўқийди. Иккаласи ҳам илмга чанқоқ. Улар билан фахрланаман. Ҳозир қизларимга тикувчиликни ўргатяпман. ЎзХДП фаоллари оилавий тадбиркорлигимизни бошлашимиз учун керакли маслаҳатларини берди. Амалий ёрдам кўрсатишларини айтди. Насиб этса, қизларим билан бирга тикувчилик цехини очиш ниятимиз бор. Уларнинг ҳам илмли, ҳам ҳунарли бўлишларини орзу қиламан. Дунёдаги барча оналар сингари болаларимнинг бахту саодатини кўрай, дейман.

Мамлакатимизда имконияти чекланган аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилади. Уларнинг соғлиғини тиклаш, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканини ҳис қилиб яшаши учун қулай шароит яратилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки улар кўмакка, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга кўпроқ эҳтиёж сезади. Ҳамма қатори мазмунли, бахтли яшашга интилади.Бундай хайрли ишлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Ўзбекистон ХДП томонидан доимий равишда ташкил этилиши белгилаб олинган.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”