2017-03-31 16:43:00

“ЛОКОМОТИВ” — “ИСТИҚЛОЛ” УЧРАШУВИНИ ИОРДАНИЯЛИК ҲАКАМЛАР БОШҚАРАДИ

Футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигаси – 2017 мусобақасининг “А” гуруҳи 4-туридан ўрин олган “Локомотив” (Тошкент) — “Истиқлол” (Теҳрон) учрашувига расмийлар тайинланди.

Учрашув бош ҳаками этиб иорданиялик Адҳам Муҳаммад Тумаҳ белгиланди. Унга қанотларда ҳамюртлари Аҳмад Моаннас ва Исса Маҳмуд ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам вазифаси ҳам иорданиялик рефери — Муҳаммад Ҳасан Маҳмудга юклатилди.

Учрашув комиссари вазифасини Гуам мамлакати вакили Бордальо Майкл Жон бажаради. Ҳакамлар назоратчиси бўлиб БААлик Салим Саид бин Ҳазим ал-Сувайдий ишлайди.

“Локомотив” ва “Истиқлол” ўртасидаги учрашув 11 апрель куни пойтахтимизнинг ТТЗ мавзесидаги “Локомотив” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин 16:00 да бошланиши режалаштирилган.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”