2017-03-31 16:27:00

АЁЛ ҲАКАМЛАРИМИЗ ОСИЁ КУБОГИ – 2018 САРАЛАШ БОСҚИЧИ УЧРАШУВЛАРИДА ИШЛАЙДИ

Ўзбекистонлик ФИФА реферилари Анна Сидорова, Эдита Миробидова ва Зилола Раҳматова аёллар ўртасидаги футбол бўйича Осиё Кубоги – 2018 турнирига саралаш босқичи учрашувларида ишлайди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Эдита Миробидова саралаш босқичининг “D” гуруҳидан ўрин олган ўйинларда бош ҳакам сифатида ишлайди. Мазкур гуруҳдаги ўйинлар Вьетнам пойтахти Ханой шаҳрида 3–11 апрель кунлари ўтказилади.

Анна Сидорова (бош ҳакам) ва Зилола Раҳматова (бош ҳакам ёрдамчиси) саралаш босқичининг “А” гуруҳидаги беллашувларда фаолият олиб боради. Ушбу гуруҳдаги учрашувлар Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 3–12 апрель кунлари бўлиб ўтади.

Қайд этиш жоизки, футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Осиё Кубоги–2018 саралаш босқичида иштирок этиш учун 30 март куни КХДРга йўл олди. “B” гуруҳидан жой олган Шерали Бобоқулов шогирдлари КХДР, Гонконг, Ҳиндистон ва Жанубий Корея терма жамоаларига қарши баҳс юритади.

“Туркистон-пресс”