2017-03-31 16:55:00

IUT ВА SKYLINE IT-МУТАХАССИСЛАРНИ ТАЙЁРЛАШДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШАДИ

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ҳамда SKYLINE компанияси юқори малакали IT-мутахассисларни тайёрлашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолашди.

Меморандум доирасида IUT ҳамда SKYLINE Ўзбекистонда IT-саноатни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун технологик марказни ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга оширишмоқчи.

Технологик марказ  IUT талабаларини дастурий таъминотлар ҳамда инновацион ечимларни ишлаб чиқишга жалб этади. Шунингдек, SKYLINE компанияси IUT талабаларини инновацион маҳсулотлар ҳамда сервисларни яратиш ва ишлаб чиқаришга ҳам эътибор қаратмоқда.

Компания университет талабаларини ҳақ тўланадиган малака оширишга, шунингдек, ҳамкорликда симсиз алоқа, робототехника ва сунъий тафаккур соҳасидаги танлов ва тадбирлар ўтказишга ҳам жалб этиш масаласини кўриб чиқади.

Меморандум доирасида SKYLINE Ўзбекистонда STEM-таълимни ривожлантириш дорасида ёшлар учун ҳамкорликдаги тадбирларни амалга оширишга ҳомийлик ёрдамини кўрсатишни ҳам режалаштирмоқда. Бу эса ўз навбатида ёшларни илм-фанга, математикага, технологияга ва муҳандисликка бўлган қизиқишини оширади.

“Туркистон-пресс”