2017-03-31 18:18:00

САЛОМАТЛИГИМИЗ ЙЎЛИДА ҲАМИША ОГОҲ БЎЛИШ ЛОЗИМ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан асосан уй ҳайвонлари орасида кенг тарқалиши хавфи бўлган Қрим-конго ва бошқа геморрагик иситма касалликларининг олдини олиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, Саломатлик ва тиббий статистика институти, Давлат ветеринария бош бошқармаси вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Маълумки, уй ҳайвонлари кишиларнинг оғирини енгил қилиши билан бирга, инсонларда учрайдиган кўпгина юқумли касалликларни тарқатиш манбаи ҳам бўлиши мумкин. Бундай каслликларнинг инсонларда учраши ва келиб чиқишининг олдини олиш эса ўз вақтида профилактик тадбирларни талаб этади.

Мутахассислар фикрича, Қирим-конго ва бошқа геморрагик иситма касалликлари инсонларга асосан сут эмизувчи уй ҳайвонлари, шунингдек паррандалардан юқиш хавфи анча юқори.

Бу касаллик одамларга ҳайвонлардаги каналарни териш, жунини олиш ёки чўл ҳудудларида уларни боқиш жараёнида кана чақиши орқали юқади. Чунки, Иксод каналарнинг ҳазм йўлларида кўплаб миқдорда касаллик қўзғатувчиси бўлган вируслар мавжуд бўлиб, кана одамни чаққанда қонга тарқалади.

Бошқа вирусли касалликлар каби бу касалликни даволаш ҳам бир мунча қийин кечади. Шу сабабли фуқаролар ўртасида ушбу хавфли касаллик бўйича кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш зарур.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ушбу касалликнинг олдини олиш ва у келтириб чиқариши мумкин бўлган хавфларни бартараф этиш учун Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирлиги, ветеринария ва бошқа тегишли хизматлар билан ҳамкорликда самарали чора-тадбирлар тизимли йўлга қўйилиб, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллаларда тушунтириш ишлариолиб борилмоқда, қолаверса, оммавий ахборот воситаларида ҳам бу борада атрофлича маълумотлар тарқатилмоқда.

Матбуот анжуманида мавзу юзасидан журналистларнинг саволларига атрофлича жавоблар қайтарилди.

“Туркистон-пресс”