2017-03-31 18:27:00

ЧЕТ ТИЛЛАР ИШТИЁҚ БИЛАН ЎРГАНИЛМОҚДА

Мамлакатимизнинг барча ўқув муассасаларида бўлгани каби Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида ҳам ўқувчиларга чет тилларини ўқитишга жиддий ёндашилмоқда. Хусусан, бу ерда ўғил-қизларнинг билимини юксалтириш мақсадида тез-тез тадбирлар ўтказиб турилади.

Таълим муассасасининг 2-синф ўқувчиларига рус тили ҳарфларини ўргатиш жараёнининг ниҳоясига етаётганлиги муносабати билан уюштирилган “Алифбо байрами” ана шулар жумласига киради.

Тадбирда ўқувчилар ушбу фан бўйича олган билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш имконига эга бўлишди. Ўз навбатида болажонлар рус тилидаги ҳарфларга бағишлаб шеърлар айтишди, саҳна кўринишларини ижро этиб, рақсга тушдилар. Бу билан улар рус тилини қунт ва иштиёқ билан эгаллашаётганини намойиш этишди.

Байрамга ташриф буюрган ота-оналар фарзандларининг рус тилини ўзлаштириши йўлида сидқидилдан таълим бераётган, уларни маънан етук инсонлар бўлиб вояга етишига улуш қўшаётган ўқитувчиларга самимий миннатдорлик билдиришди.

Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Туркистон-пресс”