2017-03-31 11:11:00

ТАСМА ВА ҲАЁТ: ЎЗБЕКИСТОН КИНОСАНЪАТИ МУЗЕЙИ

Мустақиллик йилларида бой тарихий қадамжоларимиз ва кадриятларимиз ҳақида маълумот берувчи музейлар фаолияти давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва бу борада жуда кўп салмоқли ишлар амалга оширилиб, мавжуд музейлар қайта таъмирланди ва бир қанча йўналишларда янгилари ташкил этилди.

Қай соҳага тааллуқли бўлишидан қатъий назар музейларга ташриф буюрганлар ўтмиш ва бугун уйғунлигини кузатишлари мумкин. Бирор бир тарихий асарни ўқиш орқали инсон фақат бир сезги органи, яъни кўриш оркали ўтмишимиз ҳақида маьлумот олиши мумкин. Музейларга бевосита ташриф буюриш орқали эса ҳам кўриш, ҳам эшитиш ва сезиш орқали ўша давр муҳитини хис қилиши мумкин.

Шу ўринда инсоннинг бир қанча сезги органларини бир вақда ҳаракатга келтирувчи соҳаларнинг бири кино соҳаси ҳам ўз яратилиш тарихига эга бўлиб, Ўзбекистон Киносанъати музейи 1972 йили ташкил топган. Ўзбекистон киносанъати музейи фаолияти ўзбек кино  тарихини халққа таништириш, кенг ташвиқ қилишга қаратилган. Дастлаб музей эски киночилар уйи биносида жойлашган. 2005 йилнинг февраль ойида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги кўмагида Киночилар уйининг 2-қаватида Ўзбекистон Киносанъати музейининг янги экспозиция зали очилди ва шундан буён фаолият юритиб келмоқда. Музей ташкил қилинишида ва уни бойитишда буюк ўзбек кино арбобларининг ҳиссаси катта.

Киносанъати музейида йиғилган материаллар музей ишининг кўзгуси ҳисобланиб, бугунги кунга келиб музей фондида 40 мингдан ортиқ экспонат бўлиб, шулардан 5 мингдан ортиғи экспозициядан ўрин олган. Бу экспонатлар 1920 йиллардан 2001 йилгача яратилган фильм фотонегативларини ўз ичига олади.

Музей фондида ўзбек киноси тарихига киритилган 1920-1950 йилларга оид 47 та бадиий фильм, шунингдек, Зикир Муҳаммаджонов, Пўлат Саидқосимов, Ёқуб Аҳмедов, Собир Искандаров, Марям Ёқубова, Йўлдош Аъзамов каби таниқли киноусталари ижодига тегишли реклама-ролик ленталари мавжуд.

Булардан ташқари бугунги кунда музейда 1940-1950 йилларга оид эски кино-техника аппаратлари, етук рассомлар томонидан чизилган машҳур ўзбек кино ижодкорларининг 68 та портретлари, ҳамда В.Еремян, Э.Қаландаров, С.Зиямуҳаммедов, Р.Чориев каби моҳир кино мусаввирларининг турли йилларда ўзбек фильмларига чизилган 186 та эскизлари, 40-70 йилларда “Ўзбекфильм” киностудиясида яратилган 14 та фильм қаҳрамонларининг костюмлари, ўзбек киносанъатининг юқори поғонага кўтарилишига салмоқли ҳисса қўшган буюк кино арбобларидан 43  шахсий архив йиғма жилдлари ва 600 дан ортиқ сценарий ҳужжатлари, монтаж варақалари, бутафория буюмлари, макетлар, мультфильм қаҳрамонларининг макетлари, афишалар ва бир қатор тарихий ҳужжатлар ҳам сақланмоқда.

Кино музейи бундай ранг-баранг ва бой мавзулардаги экспозицияга эга бўлганлиги учун музейга ташриф буюрувчиларда кино соҳаси ва унинг жанрлари ҳақида тушунча хосил қилиш учун бу экспонатлар бир қанча бўлимларга бўлинган ҳолда жойлаштирилган. Булар Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлари маҳсулоти, 1920-1930 йиллар – “Ўзбек киносининг туғилиши ва овозсиз фильмлари”, 1937 йил –  “Ўзбек киносининг овозли даври”, Ўзбек киноси – 1940 йилларда – “Тарихий фильмлар”, 1950-1980 йиллар – “Ўзбек киноси дурдоналари”, Мустақиллик даврида яратилган фильмлар “Экранда – замондошлар”, Экран – болалар учун, “Мультфильмлар” ва “Кинофестиваллар” кабилардир.

Шунингдек, музейда кинога доир ноёб фотосуратлар, сценарийлар, эскизлар, ЯУФ, ВХС, DVD, VCDларда кинофильмлар, эски кино аппаратуралари, мураккаб суратга олиш саҳналарининг лойиҳалари, фильмларга ишланган тарихий либослар, афишалар, бутафор буюмлари жой олган.

Қисқача қилиб айтганда, бир қанча кетма-кетликда даврий шаклда экспонатлар жойлаштирилган бу музейга ташриф буюрганлар, музейда ХХ аср бошларидан бугунги кунгача бўлган ўзбек миллий киносига оид қизиқарли материаллар билан танишиб чиқишлари мумкин.

Музей фондида сақланаётган барчаҳужжат ваэкспонатлар келгусидаўзбек киносанъатининг тарихи ва бугунги куни ҳақида ўсиб келаётган ёш авлодга ва бутун дунёга тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эгадир. 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири