2017-04-03 18:37:00

“АСАКА” БАНК: ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ЙЎЛИДА КЎМАКЧИ

Мустақил тараққиётимиз йилларида банк-молия соҳасида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада банклар мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш орқали молиявий хизмат турларини кенгайтириб бормоқда. Бунда “Асака” АТБнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Бугунги кунда банкнинг 26 филиали, 83 минибанки ва 298 чакана банк хизматлари кўрсатувчи шахобчалари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар орқали 1,9 миллиондан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар мақомидаги мижозларга банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Ўтган йилда банк фаолиятининг асосий даромад манбаи ҳисобланган банк активлари ҳажми, таркиби ва даромадлилигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда мижозлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ўз натижасини бериб, банкнинг кредит қўйилмалари миқдори кўпайиб бормоқда.

Пировардида, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, “Асака” банк жами активлари 10,45 миллиард сўмга, жами капитал 1023,7 миллиард сўмга етди.Истиқлол йилларида банк жами активлари 192 баравардан зиёдга, жами капитали эса 50 бараварга ўсди.

Банк томонидан иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар ҳажмини ошириш ва банкнинг инвестицион жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтириш борасида муайян ишлар олиб борилиб, ажратилган кредитлар миқдори 5 318,7 миллиард сўмни ташкил этди.

“Асака” банк асосий эътиборни республикамиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга қаратиб келмоқда. Жумладан, банк томонидан автомобилсозлик, тоғ-кон, нефть-газ, кимё, энергетика, енгил саноат, озиқ-овқат, фармацевтика, транспорт, қурилиш ва бошқа тармоқларнинг инвестиция лойиҳалари фаол молиялаштирилиб келинмоқда. Жумладан банк томонидан 2016 йилда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 1 380,7 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Натижада 14,5 минг нафардан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

“Асака” банк томонидан республикамиз бўйлаб уй-жой қурилиши лойиҳаларини молиялаштириш бўйича ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Ушбу мақсадларга банк томонидан 454,9 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Банк кредитлари ҳисобига 74 та кўп қаватли турар жой бинолари қад кўтарди. Уларда 2 мингдан зиёд оилалар бахтиёр яшамоқда.

Бу каби самарали фаолият халқаро миқёсда ҳам ҳақли эътироф этилмоқда. “Moody’s” ва “Fitch Ratings” сингари халқаро рейтинг агентликлари “Асака” банк фаолиятини қаторисига бир неча йиллардан буён юқори рейтинг баҳоси билан эътироф этмоқда.

Бир сўз билан айтганда “Асака” АТБ томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар иқтисодиётимиз юксалиши, пировардида, халқимиз турмуши фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири