2017-04-03 20:07:00

ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИ МАҲАЛЛИЙ ПРОФЕССОРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ ДАСТУРИНИ АМАЛГА ОШИРМОҚДА

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) маҳаллий профессорларни тайёрлаш бўйича дастурни амалга ошира бошлади. Университетнинг дастлабки ўқитувчиси ўз кўникма ва малакасини ошириш учун Корея Республикасига юборилди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг ноябрь ойида IUT ҳамда Корея Республикасидаги Инҳа университети ўртасида маҳаллий профессорларни тайёрлаш бўйича меморандумни имзолашди. Мазкур ҳужжат ўзбекистонлик мутахассисларни дунёнинг етакчи олий ўқув юртларида таълим олишларини ташкиллаштиришга йўналтирилган.

Профессор ёрдамчиси Ҳусанбек Ғофуров Корея Республикасидаги нуфузли  Сонгюнгван (Sungkyunkwan University) университетида маҳаллий профессорларни тайёрлаш дастури бўйича ўз ўқишини бошлади.

Ҳусанбек Ғофуров Сонгюнгван университетида икки йил таҳсил олади. Ўзбекистонга қайтиб келгандан сўнг, IUT қошида IT соҳаси учун кадрларни тайёрлаш ишига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

– Ўз фаолиятининг дастлабки йилларидан бошлаб IUT маъмурияти таълим жараёнига маҳаллий ўқитувчиларни жалб этишга катта эътибор қаратмоқда, – дейди Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ректори Сарвар Бабаходжаев.– Ҳозир университетда хорижий мутахассислар билан биргаликда хориждаги нуфузли университетларда таълим олиб, тажриба тўплаган бир қанча ўзбекистонлик профессорлар ҳам фаолият кўрсатмоқдалар.

“Туркистон-пресс”