2017-02-22 14:28:00

ОНА ВАТАНИМГА БИР УМР ХИЗМАТ ҚИЛАМАН!

Кечагидек ҳамон кўз ўнгимда: маҳаллада “Фалончи армиядан келибди”, деган хушхабар янграб қолса, аскарни тезроқ кўриш учун ўртоқларим билан шу уй томон ғизиллардик. Бу қувончли хабардан шод ёшу қари ўз уйига келаётгандек аскар келган уйга кириб келаверар эди. Ёши катталар кўришиб бўлгач, кичикларга йўл беришиб “Қани энди кўришиш навбати ёш азаматларга, булар ҳам насиб этса акасига ўхшаб аскар бўлади”, дер. Аскар акамиз эса “Аскар бўласанми”, дея бизни бир-бир кўксига босиб, икки қўли билан иккита-иккита қилиб забт кўтариб, бошимизга ўзининг шапкасини кийгизар эди. Шу зайл анча вақт токи бошқа бир акамиз армиядан келмагунча “Фалон акамга ўхшаб аскар бўламан”, деб юрар эдик. Мана шу кунларда эса мен ҳам ана шу муқаддас юрт ҳимоячиси деган номга сазовор бўлиб, Қуролли кучларимиз сафларида она Ватаним олдидаги ўз йигитлик бурчимни ўтаб  ёруғ юз билан ўз уйимга қайтдим. Ёши улуғ инсонлардан раҳмат эшитиб, дуосини олдим, ёш укаларимнинг эса менга ҳавас ила боқиб турганини кўрдим...

Аскар бўлиш, ўз она Ватани, ота юрти ҳимоячиси бўлиш ҳар бир йигит учун нафақат муқаддас бурч, балки фахр ва ифтихор ҳисобланади. Мен ҳам сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилиб ана шу шарафга мушарраф бўлдим. Бир ой давом этган хизматим давомида бир умрга татийдиган таассурот ва сабоқ олдим, шу қатори, ҳарбийлар ҳаётининг қувончу шодлиги, бу касбнинг масъулияти ва машаққатини ўз мисолимда ҳис қилишга муваффақ бўлдим.

Буюк саркарда, жаҳонгашта бобомиз Амир Темур шундай деган: “Аскари қувватли мамлакат бой бўлур, Бой мамлакатнинг аскари  қўвватли бўлур”. Ҳақиқатда, биз бой давлатмиз, негаки бизнинг ҳам жисмонан, ҳам манан етук ўғлонлардан иборат проффессионал армиямиз бор. Армиямизда эса юртимизнинг мустаҳкам таянчи ва суянчига айланган ҳар томонлама соғлом ўғлонларимизнинг она Ватанимизга хизмат қилиши, ҳарбий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Биргина аскарларнинг ҳарбий илм сир-синоатини ўрганиш, кундалик хизматдан сўнг ҳордиқ чиқариш учун замон талаблари доирасида жиҳозланган ёруғ, кенг ва шинам хоналар, амалий машғулотлар ўтказиш учун деярли барча спорт билан шуғулланиш имкониятига эга бўлган ҳамда тамадди қилиш учун муҳайё қилинган замонавий бино ва залларни айтиш кифоя.

Қуролли кучларимизнинг ҳарбий кадрлари ҳақида гап кетганда, аввало, сержантларимизнинг хизмати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Сабаби сержантлар, ҳақиқатда, офицерларнинг энг ишончли ва яқин ёрдамчиси ҳамда таянчи, аскарларнинг меҳрибон мураббийсидир. Улар Қуролли кучларимиз сафларига эндигина қадам босган аскар учун биринчи муаллим сингари азиз ва қадрлидир. Бугунги кунда сир эмаски, Сержантлар тайёрлаш мактабларида профессионал жиҳатдан пухта тайёрланган сержантлар таркиби сўзда эмас, амалда армиямизнинг таянчи ва ўзагига айланиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кенг дунёқараш, юксак касбий малака ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, мантиқий фикрлаш қобилиятига эга бўлган офицерлар армиямизнинг асосий таянчи ва ўзагидир. Негаки, улар ҳар қандай шароитда мустақил қарорлар қабул қилиб нафақат ўзи, балки груҳ, взвод, баталион хавфсизлиги, маълум бир вазифани тўлақонли адо этиши учун барча масъулиятни ўз бўйнига олишга қодир проффессионал жангчилардир.

Аскар бўлишни, мард ўғлонлар қалқони бўлган ҳарбий либосни кийишни ҳар бир йигит орзу қилади. Ҳарбий либосни кияр эканман болаликдаги орзу-ҳавасларим ушалаётгани, вояга етиб она Ватаним корига ярайдиган фарзанд бўлганимдан фахр ва ифтихорга тўлдим. Ўз навбатида, фуқароликда  Ватаним учун қилишим мумкин бўлган хизматимдан кўра, ҳарбий либос кийиб Ватан ҳимоясини ўз бўйинга олиб яшаш юз чандон масъулиятлироқ эканлигини ҳис қилдим. Оилаларимиз, дўсту биродарларимиз беховотир ўз юмушлари билан банд бўлишлари биринчи навбатда ҳарбийларнинг хушёр ва сергакликни бир сония бўлсада йўқотмай, ўз вазифасини сидқидилдан ҳис қилган ҳолда бажаришига, тинчлик деган муқаддас неъматни кўз қорачиғидек асрашига боғлиқ эканлигини ҳис қилдим. Ҳарбий либосни кийиб бўлгач, турна қатор сафларга тизилар эканмиз сафдошларим каби ўзим ва боягина фуқаролик кийимида танишган дўстларимга назар солар эканман либос бизга нақадар ярашгани, ҳамманинг юзу кўзида қувонч акс этиб турганини кўрдим.

Бизни аввал гуруҳ командиримиз, кейин эса  взвод ва баталён командирларимиз Қуролли кучларимиз сафига оддий аскар бўлиб қабул қилинганимиз билан табриклаб, хизматни юксак даражада ўташимизни тилади. Сўнгра гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўз жойларимизга сафландик. Шунда гуруҳ командиримиз ўзини кичик сержант Алибеков Марат, дея таништириб армия ҳаётига қадам босган аскарларга илк сабоқни бера бошлади.

– “Сўз боши ассалом, Иш боши интизом” деган нақл бор. Бу ибора, аввало, аскарлар учун тааллуқли, — дея содда қилиб тушунтира бошлади сержантимиз. — Ёшлигимиздан бизга ёши кичиклар ҳар доим ёши катталарга салом бериши керак, деб ўргатишган. Армияда ҳам шундай, бироқ бу ерда катта-кичикни ёш эмас, даража белгилайди. Армияда энг кичик даража — оддий аскар, шундай экан сизлар командир ва бошлиқларга мурожаат қилганда, рухсат сўраганда ёки бўлмаса ёнидан ўтаётганда, албатта, салом беришингиз лозим. Кейингиси, аскар ўз хизмат вазифасини бажариш давомида ҳар доим ўзига интизомни шиор қилиб олиши керак. Негаки, фақат интизомли аскаргина ҳар қанақа ҳолатда ўз вақтида буйруқни қабул қилишга шай тура олади.

Сержантимизнинг гапларини тинглай туриб мактабимиздаги ЧЁТ фани ўқтувчиси — Раҳим устозимизнинг маърузалари ёдимга тушди. У ўқувчиларга ўта талабчан, ҳаётда ҳар ишда, айниқса, ўғил бола интизомли бўлиши керак деб уқтирар. Ўзи мактабда ҳам, уйда ҳам айтганига амал қилар. Биз буни жуда яхши билар эдик. Негаки, у кишининг ўғли — Улуғбек синфдошимиз бўлиб, у ҳар томонлама кўпчиликка ўрнак эди. Кўпчилик у билан яқинроқ дўстлашишга ҳаракат қиларди. Айтганча, Улуғбек ҳам мен билан бир вақтда туман мудофаа ишлари бўлими томонидан ҳарбий хизматга чақиртирилган экан. Бошқа бошқа гуруҳларда бўлсада битта взводда хизмат бурчимизни ўтадик.

Шунингдек, хизматим давомида аскар амал қилиши лозим бўлган барчамизга маълум бўлган баъзи бир нарсалар эътиборимни тортди. Аскар якка тарзда топшириладиган хизмат вазифаларидан ташқари, асосан, гуруҳ билан бирга ҳаракатланишини, шунинг учун гуруҳдаги ҳар бир ҳарбий хизматчи шахсий гигения қоидаларига тула амал қилиши лозим экан. Сабаби уст-боши, оёқ кийими, юз-у қўли ҳар доим озода ва саранжом аскар гуруҳдошларини ноқулай аҳволга солмайди. Шу билан бир қаторда, у доимо огоҳ ва зийрак бўлиши, нафақат ўз хатти-ҳаракатларини идрок қила олиши, балки гуруҳдошларининг ҳам камчилигини ўз вақтида тўғирлашга ёрдам бериши керак экан. Армияда азалий қоида бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун жавобгардир. Шу боис, аскар хато қилмаслиги зарур. Негаки, бунинг учун нафақат ўзи, балки гуруҳ, взвод, баталиони жавоб беришига тўғри келиши мумкин. Бу эса аскар учун икки томолама жазодир.

Хизматим давомида қўлга киритган энг катта ютуқларимдан бири бу менинг юртимизнинг турли жойларидан орттирган кўплаб сафдош дўстларимдир. Улар билан суҳбат қурар эканман уларнинг аксарияти турли соҳаларда фаолият юритиб юртимиз ривожига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшаётган маълум бир касб эгалари эканлигига гувоҳ бўлдим. Ҳали бир ишнинг бошини тутмаган ёшроқ сафдошларим ҳам кўнглига улкан мақсадларни туккан. Дарс жараёнларида, маданий дам олиш вақтларида буларнинг барчаси маълум бўлди. Мисол учун: гидрометралогияда ўқиган сафдошим кундалик об-ҳаводан дарак берса, шифокор дўстимиз одамнинг мослашу жараёни, соғлиқни асраш учун нималар қилиш кераклиги тўғрисида, юрист биродаримиз охирги чиққан қонун ва қарорлар ҳақида, алқисса, ҳар ким ўз билган куйини чалади. Ҳофизларимиз эса аскарларнинг маданий дам олиш вақтида, айниқса, жонга оро киради. Улар нафақат ўз билган куйи, балки ҳаммамиз билган куй ва қўшиқни жонли тарзда маромига еткизиб куйлайдилар. Ана шундай сафдош дўстларимиздан бири Илёс Мухаммадиевнинг маҳорати барчамизни қойил қолдирди. Негаки, у нафақат миллий қўшиқларимизни, балки жаҳоннинг машҳур санъат намоёндаларининг асарларини ҳам  маромига еткизиб куйлар эди. Суҳбатлар давомида унинг Консерваторияда вокал йўналиши бўйича битиргани, устози Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Исмоил Жалилов эканлиги маълум бўлди.  У бизга Джакамо Пуччинининг “Богема”, Чайковскийнинг “Евгенин Онегин”, “Иоланто”, Жзуппе Верзининг “Реголетто”, Лянко Валининг “Пояци”, Москанининг “Цельский чест” каби жаҳон санъат намоёндалари, шунингдек, ўзбек опера намёндалари асарларидан парчалар айтиб берар. Мисол учун Сулаймон Юдаковнинг “Майсаранинг иши” операси барчамизга ёд бўлиб кетган эди:

Кел сўзлашайлик бир нафас,

нозик ниҳолим ўргилай.

Кўнглим тўла орзу-ҳавас,

сўрсангчи ёрим ўргилай,

сўрсангчи ёрим ўргилай.

Чўпоннинг севган ёрисан,

Гулга тўла рухсорисан,

Тунларда ой рухсорисан,

Кўзи хуморим ўргилай,

Кўзи хуморим ўргилай.

Ўрр-гии-лаай!

— Санъат — ҳаёт ҳақиқатини акс эттирувчи, соф туйғуларни жунбушга келтирувчи, шу билан бирга, хотиржамлик бахш этувчи мўъжизакор олам. Шу боис унга ҳамма талпинади гоҳ мухлис бўлиб, гоҳ ижрочи бўлиб. Санъаткорлар оиласида туғилганим учун менда санъатга муҳаббат жуда эрта уйғонган. Эсимни танибманки, ўзимни санъат ичида кўраман. Ва бу муқаддас маконда бир умр қолсам дейман, — дейди операчи сафдош дўстим Илёс Муҳаммадиев. — Ўз муқаддас бурчимни адо қилгач, Қуролли кучлар оркестирлигига ҳужжат топшириб, она Ватанимни, ҳарбийлар ҳаётини куйловчи ашулачи бўлмоқчиман.   

Қасамиёдларнинг энг улуғи бу — ўз муқаддас макони тинчу осойишталиги, она Ватани сарҳадлари дахлсизлиги, оиласи ҳамда маҳалласидаги инсонларнинг беховотир яшаши учун бор куч-ғайрати, онгу шуурини бахшида этишга, унга бир умр содиқ ўғлон бўлиб, қаерда қандай шароитда бўлмасин тинчлик деган муқаддас неъматни кўз қорачиғидек асрашни ўз бўйнига олиб ичилган ҳарбий қасамёддир, десам муболаға бўлмайди. Негаки, у бу онтни командр ва бошлиқлари, қолаверса, бутун халқи олдида ичиб, “Агар ушбу тантанали қасамёдимини бузсам қонунларда белгиланган жазога ва халқимнинг нафратига грифтор бўлай”, дея сўз бераяпти. Мен ҳам сержантимиз қўлидан қасамиёд китобчасини олиб, ўқир эканман ана шу туйғуларни ҳис қилдим ва ҳаётимдаги энг улуғ қасамёдни — Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан, — дея бир умрлик қасамимни ичдим.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири