2017-02-03 10:29:00

ҲАР СОҲАДА МОҲИР ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИ

Чорак аср тарих зарварақлари учун денгиздан томчидек гап. Аммо унинг саҳифасидан жой олган шундай йиллар борки, унда инсоният тинчлиги, унинг ҳаёт фаровонлиги йўлида бирон бир эзгу ишга қўл урилмаган. Ва яна шундай қисқа даврлар ҳам борки, бу вақт ичида амалга оширилган ишларнинг бир куни асрларга тенгдек, гўё.

Олимлар, халқаро эксперт ва таниқли журналистларнинг қайд этишича, Ўзбекистон 25 йили ичида ана шундай асрларга тенг йўлни босиб ўтишга эришди. Дунёнинг сиёсий харитасида ўз айтадиган сўзи ва ривожланиш йўлига эга бўлган тинчликпарвар мустақил Ўзбекитон давлати пайдо бўлди. Ана шу юрт бағрида эса мустақил фикрловчи, замонавий дунё ахборот технологиялари ва тилларини пухта ўзлаштирган, ўз соҳасининг устаси, оиласи суянчи, она юртининг таянчи бўлган янги авлод вакиллари шаклланди. Мамлакатимизда уларнинг ҳар томонлама етук, баркамол шахс бўлиб улғайиши, ўз қобилият ҳамда истеъдодларини тўла намоён қилиши ва жамиятимизнинг турли соҳаларида ўз ўрнини топиши учун барча шарт-шароит ва имконият яратиб берилмоқда.

Бугун аксарият ёш ўғлонларимиз катта ҳаёт остонасига қадамни Қуролли кучларимиз сафларида хизмат қилишдан бошлаётгани ҳам, айниқса, улар учун келгусида қўл келмоқда. Шунингдек, ўз ҳаётини она Ватан ҳимоячиси бўлишдек муқаддас касб билан боғлаган ҳарбийлар оиласида улғайиб, камол топаётган ёшлар ҳам жамиятимизнинг турли соҳалари бўйича таълим тарбия олиб Ватанимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.

Ана шундай ёшлар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг оилавий ҳаёти, касбий фаолияти ва фикр-мулоҳазаларига қизиқдик.

Сайёд ЖЎРАЕВ (“Ниҳол” мукофоти соҳиби, ҳофиз):

— Армия йигит кишини ҳар томонлама тоблайди, мардлик ва жасурлик ҳислатларини юксалтиради ва келгусида шахс сифатида камол топишига ёрдам беради. Мардлик мактабининг таълим-тарбиясини олмоқчи бўлган азамат нафақат ўз олдига улкан мақсадларни қўйишни ўрганади, балки унга эришиш учун ўзида етарли куч ва ирода ҳам йиға олади. Мен ҳам буни армиягача ва ундан кейинги ҳаётим мисолида кўряпман.

Армияда аскарларнинг дам олиш вақтини мазмунли ўтказишга ҳам алоҳида эътибор бериларди. Ана шу мақсадда ташкил этиладиган байрам тадбирлари ва концертларда мен ҳам ҳаваскор ҳофиз сифатида иштирок этардим.

Санъат шайдосиман. Бунга санъаткорлар оиласида туғилиб вояга етганим сабаб бўлган.

Хизматдан сўнг олдимга қўйган мақсадимларимга ўзгача шиддат билан киришдим. Ота-боболарим танлаган йўл — санъат йўлини тутиб, буюк санъаткорлар изидан эргашиб, халқ дардини куйлай оладиган, унга муносиб хизмат қиладиган ҳофиз бўлишга аҳд қилдим.

Шунингдек, буюк санъаткорлар таълим олган, орзуимдаги олийгоҳ — Ўзбекистон давлат концерваториясига кириш учун ўқиб ўрганиш пайида бўлдим.

Хизматгача ва ундан кейинги пайтда ҳам ижодий фаолиятимда бир лаҳза бўлсада тўхтамадим. Бунинг натижаси ўлароқ, 2011 йил Бухоро шаҳрида ўтказилган Мустақиллик байрамида, 2013 йил “Кўҳна замин оҳанглари” телефестивалида катта ашула йўналиши бўйича ота-ўғил Жўраевлар қўшиқ ижро этдик. 2014 йил “Ягонасан, муқаддас Ватан” танловининг Республика босқичи ғолиби бўлдим.

Айнан шу йили эгаллаган билим ва малакам, орттирган ижодий тажрибам ва ҳарбий хизматда қўлга киритган олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказилган тест синовларида тўплаган натижамга қўшимча балл берадиган — ҳарбий қисм қўмондонлик тавсияномаси эвазига Ўзбекистон давлат консерваториясининг Шарқ мусиқа факултьети, анъанавий хонандалик бўлимига давлат гранти асосида ўқишга киришга муваффақ бўлдим.

Не-не устозлар таълим тарбия олган бу муқаддас даргоҳ мен учун улкан имкониятлар эшигини очди. Натижада, устозларимнинг берган сабоқлари, яқинларимнинг менга бўлган ишончи ва ўзимнинг тинимсиз меҳнатим самараси ўлароқ, “Ниҳол — 2015” кўрик-танловида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритдим. Бу мукофот мен эришмоқчи бўлган марраларнинг дебочаси, деб ўйлайман. Негаки, орзу ниятларим жуда улкан. Ҳар қандай мақсадга эришиш учун ўзи-ўзига бўлган мустаҳкам ишонч, қатъий ирода ва яхши устоз орқали эришиш мумкин. Менда эса бари мужассам, деб биламан. Келажакда менга билдирилган ишончни оқлашга, ўзбек миллий санъатидаги дурдона куй ва қўшиқларни бутун дунёга ёйиш ниятим бор. Бунинг учун эса бор куч ва ғайратимни сафарбар этаман. 

Зайнура ТОШМУРАДОВА (ҳарбий оила фарзанди, журналист):

— Мен Истиқлол тенгдоши сифатида улғайдим. Бу давр мобайнида қийинчилик нималигини билмай, беҳовотир таълим-тарбия олдим. Ўзим истаган таълим муассасасига ўз кучим билан кирдим. Кўркам ўқув биноларида барча замонавий ўқув техника ва технологиялари билан жиҳозланган кенг ва шинам хоналарда ўз соҳасининг устаси бўлган устозларимдан таҳсил олдим.

Ҳарбийлар оиласида туғилдим. Ва бундан фахрланаман. Сабаби отам нафақат бизнинг беҳаловат ўқиб-ўрганишимиз, ором олишимизни, балки она Ватанимизнинг бир умрлик ҳимоячиси бўлиб қолишни ўзига муқаддас касб, дея танлаган. Отам бизга жуда меҳрибон. Отамни ҳар доим яхши кайфият билан кузатиб қўйишни одат қилганмиз. Барчамизнинг истакларимизни ҳар доим инобатга олган. Ўзимиз хоҳлаган касбни танлашимизга ҳам имкон берган. Билим олишимиз учун барча шароитни яратиб берган. Ҳаттоки, ишдан чарчаб келган вақтларида ҳам бизга вақт ажратар, онам “Сиз қўяверинг болаларнинг дарсига ўзим ёрдамлашаман”, деса “Қўявер, улар билан ўтирсам дам оламан” дер эдилар. Ҳозир ҳам бизнинг қандай китоб ўқиётганмизга қизиқади. Ўзлари аввал ўқиган бўлса фикр билдиради. Агар янги китоб бўлса танишиб чиқадилар. Ва охирида ўзаро фикр алмашамиз, уларни умимийлаштириб хулоса қиламиз.  Бу эса ўз навбатида ижобий натижа беради.

Болалигим ҳарбий шаҳарчада ўтди. У ерда барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Айниқса, ҳарбийларнинг фарзандлари ўйнаб-кулиши учун қурилган майдончалар турли спорт билан шуғилланиш имкониятига эга. Ҳарбий муҳит ичида ўсганим учун ҳамма ишни ўз вақтида қилишга ўрганганман. Шунинг учунми, олдимга бирон мақсад қўйдимми унга эришмасдан ташлаб қўймайман.

Оилам мени доимо хоҳ у кичик, хоҳ катта орзу-истак бўлсин қўллаб-қувватлаган. Шунинг учун бўлса керак ўзимга бўлган ишончим жуда кучли.

Журналист бўлиш болаликдан орзуим бўлган. Бунга эришдим. Бу, аввало, давлатимизнинг ёшларга барча шарт-шароитларни яратиб берганларида, қолаверса, оилавий муҳит, ота-онамнинг ҳар биримизнинг орзуларимизга пайваста бўлганида деб биламан. Лекин орзу-истакларим бунданда баланд.

Журналистикани жамият ва давлат ўртасидаги кўприк дейишади. Ҳақиқатан, бу касб масъулиятини ўз бўйнига олган инсон халқ ичида юриб, одамларнинг дардига дармон бўлиши, ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилаётган қонун ва қарорлар, Президентимиз томонидан чиқарилган фармонлар мазмун-моҳиятини юртдошларимизга тез ва тўғри татбиқ этишдан иборат. Мен ҳам ана шу вазифани бекамикўст, балки ортиғи билан бажараётган устоз журналистлар каби ўз соҳамнинг устаси бўлишни хоҳлайман.

Фаррух ЖЎРАЕВ (“Камолот” ЁИҲ фаол аъзоси, талаба):

— Эр-йигит, аввало, оиласи ва она Ватани ҳимоячиси, сўнг эса жамиятга фойдаси тегадиган бирон бир касб ёки ҳунарнинг моҳир устаси бўлиши лозим. Негаки, қайсики оилада ўғил бола дунёга келса оила аъзолари келгусида унинг оила бошлиғи, юрт корига ярайдиган ўғлон бўлади, дея орзу қилади.

Кичкиналигимдан катта бўлсам юрист бўламан, дея ният қилганман. Шунинг учун мактабда кўпроқ шу соҳага оид фанларга меҳр қўйиб, яхши ўқишга ҳаракат қила бошладим. Аммо ўрта таълимни туратгач бироз билим ва малакам етишмагани учун атига бир неча балл фарқ билан ўзим орзу қилган олий даргоҳ остонасидан бир неча бор қайтишга мажбур бўлдим. Лекин ҳечам ўткинчи тушкинликка берилмадим. Балки ўзимнинг камчиликларимни англаган ҳолда, ўзим танлаган йўлдан оғишмай, ўз мақсадим сари интилишда давом эта бошладим. Ўз билимимни мустаҳкамлаш учун тайёрлов курсларига қатнаш билан бир қаторда, туманимиздаги “Ватанпарвар” ташкилотида ҳайдовчилик бўйича ўқий бошладим. У ерда ҳайдовчиликка тааллуқли дарслардан ташқари армия ҳаётига доир сабоқлар ҳам ола бошладик.

Ўқув курсини тугатгандан сўнг мардлик мактабига боришга қарор қилдим. Тиббий текширув ва саралаш тестларидан муваффақиятли ўтиб армия сафарига отландим.

Қуролли кучларимиз сафларида хизматни бошлаганимда “Ватанпарвар” ташкилотида олган билим ва кўникмаларим, айниқса, асқотди. Ана шу мардлик мактабида ҳам маънан, ҳам жисмонан чиниқдим.

Хизматим сўнгида эса ҳар томонлама ўзини кўрсатган хизматдошларим каби мен ҳам хизмат тавсияномаси билан ўз уйимга ёруғ юз билан қайтдим. Шундан сўнг мақсадимга янада ишонч билан киришдим. Билим ва малакам, ўзимга бўлган ишонч ва, албатта, менга берилган имтиёз эвазига ўзим орзу қилган Юридик университетга киришга муваффақ бўлдим. Олийгоҳда ўқиш мобайнида устозларимдан, нафақат, ўз касбим сир-синоатини ўрганяпман. Қолаверса, ҳорижий тилларни ўрганяпман. Шу билан бирга, Камолот ёшлар ижтимоий ҳаракатининг университетдаги гуруҳ етакчиси сифатида ўқиш ва жамоат ишларида фаол қатнашиб келмоқдаман. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бу ташкилот ёшларга ҳар томонлама таянч бўлмоқда. Айниқса, Қуролли кучларимиз сафларида ўз хизмат бурчини ўтаб келган мен каби шартнома асосида ўқийдиган талабаларга кўмакдош бўлиб, шартнома шартларининг 35 фоизини тўлаб бераётгани биз учун қўл келмоқда.

Юрист, аввало, адолат тарозисини тенг тутиши, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим, деб ўйлайман. Негаки, ишлаб чиқилаётган барча қонун ва қарорлар, чиқарилаётган фармон ва фармойишлар инсон ва унинг манфаати учун яратилади. Уни яратиш, ижросини таъминлаш, албатта, юристлар бўйнига тушади. Мен ҳам келгусида касбимнинг жамиятда тутган ўрни ва масъулиятини ҳис қилган ҳолда, яхши юрист бўлишни мақсад қилганман.    

Нурбек БАҲРАМОВ (дастурчи):

— Ахборот технологиялари асрида янгидан янги техника ва техналогиялар кашф этилиб, барча соҳада муттасил ривожланиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида замонавий ахборот ва компьютер технологияларини ўзлаштиришни талаб этади. Мен ҳам ана шу соҳа бўйича чуқурроқ билим олиб, ахборот технология соҳасида мамлакатимиз ривожига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшиш учун Тошкент ахборот технологиялари университетида таълим олдим.

Ўз соҳам бўйича фаолиятимни бошлашдан олдин Қуролли кучлар сафарбарлик чақирув резервига йўл олиб ўз йигитлик бўрчимни ўташга қарор қилдим.

Қуролли кучларимиз сафларида қад ростлаганимда Ватан ҳимоячиси бўлишнинг нечоғлиқ масъулиятли вазифа эканлигини ҳис қилдим. Хизматим мобайнида йигит киши учун ҳақиқий ҳаёт армиядан бошланишини англадим. Негаки, айнан шу ерда мардлик ва шижоат, тартиб-интизом, жасорат каби эзгу ҳислатлар айнан шу масканда янада қулоч ёйишига амин бўлдим. Хизматдош дўстларим билан армия ҳаётининг қувонч-у шодлиги, машаққату матонатини бирга ўтказиб, бир умрлик қадрдонларга айландик.

Хизматдан бир олам таассурот олдим. Армиядаги ижтимоий муҳит, сержант ва офицерларимдан олган сабоқларим келгусидаги оилавий ҳаётим ва иш фаолиятимда қўл келишига ишонаман.

Дунёнинг барча ҳудудларида бўлаётгани сингари мамлакатимизда ҳам ахборот технология соҳасига юксак эътибор қаратилмоқда. Шу соҳани янада ривожлантириш мақсадида алоҳида вазирлик ташкил этилганлигининг ўзи амалга оширилаётган ишларнинг кўламини кўрсатади. Алоқа ва ахборот технология вазирлиги юртимиз бўйлаб алоқа ва замонавий ахборот технологиялар билан таъминлашга, шу соҳа бўйича сифатли кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштиришга  хизмат қилади. 

Айни пайтда мен ҳам мамлакатимизда етакчи алоқа компанияларидан бири бўлган “Телеграф” компаниясининг Шаҳрисабз филиалида фаолият юритмоқдаман. Келажакда мен ҳам  ... ишларни амалга оширмоқчиман.

Дилдора МАТЯКУБОВА (ҳарбий оила фарзанди, ҳамшира):

Ҳозирда Мудофаа вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасасида фаолият юритиб келмоқдаман. Юртимиз ҳимоячиси бўлган фидоий инсонларнинг соғлиги жойида бўлиши учун бурчли эканимиз жамиятда касбимнинг эгаллаган ўрни нақадар масъулиятли эканлигини билдиради.

Отам ҳарбий шифокор бўлганликлари сабабли бу соҳага қизиқишим ёшлигимдан пайдо бўлган. Шу сабабли ҳам ўз касбимга бўлган муҳаббатим кучли.

Мен отамнинг касбини танлаганим ва фаолиятимни айнан ҳарбийларга хизмат кўрсатувчи муассасада бошлаганимдан жуда мамнунман. Бу соҳада олти йилдан буён фаолият юритиб, танлаган йўлимнинг нақадар машаққатли, ўрни кеганда, фидоийликни ҳам талаб қилишини англадим.

Ҳам отам, ҳам устозимдан одамларнинг дардига дармон бўлишдек вазифани ўз бўйнига олган инсон, аввало, ширинсуҳан бўлиши лозимлигини ўргандим. Негаки, ширин каломгина дилларга умид бағишлайди, танадаги дардни чекинишга мажбур қилади.

Ҳамшира бўлиш билан бир қаторда, севган соҳам бўйича ўқиб-ўрганишдан сира тўхтаганим йўқ. Сабаби келгусида Тошкент тиббиёт институтидаги ҳарбий факультетда ўқишни давом этдириб олий тоифали шифокор бўлмоқчиман.

Шунингдек, отам соҳамизга оид нашр этилаётган янги адабиётларни ҳам доимий равишда кузатиб боришга ундайди. Бу фаолиятимда кўп маротаба аст қотган. Лекин китоб дўконлар ва кутибхоналардаги китобларнинг кўпчилиги хорижда ёзилган адабиётларнинг айнан таржимаси. Ваҳолангки, Ибн Сино, Абу Бакр ар-Розий каби табобат оламида донг таратган боболаримизнинг ёзиб кетган бебоҳо асарлари неча асрлар давомида дунёнинг кўзга кўринган олийгоҳлари учун қўлланма бўлиб келган. Биз ота-боболаримиздан қолган қимматбаҳо қўлёзма, китобларни, нафақат, асраб-авайлашимиз, балки, уни бугунги ҳаётимизга жорий қилишимиз керак. Зеро, асл бойлик ана ўша нодир асарларнинг жавонимизда борлиги эмас, балки унинг мағзини чақиб, ҳаётимизга тадбиқ этганимизда, деб ўйлайман.     

Ҳақиқатда, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар бугун ўз мевасини бермоқда. Улар бугун нафақат ўзлари қизиққан соҳа бўйича билим олмоқда, балки юқоридаги ёшларимиз сингари ўз шахсий фикрига эга, ўз танлаган касби этагини тутиб жамиятимизнинг турли соҳаларида шаҳду шижоат билан фаолият юритиб она Ватанимиз ривожига муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Ана шундай ҳар томонлама етук, замонавий илм-фандан хабардор, ватанпарвар ёшларимиз бор экан юртимиз бунданда тараққий этиб, яқин йилларда дунёнинг ривожланган давлатлари сафидан жой олиши, шубҳасиз.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири