2017-04-04 10:08:00

БИРЛАМЧИ ТИББИЙ-САНИТАРИЯ ТИЗИМИГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛМОҚДА

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг ўттиз бешинчи сессиясида  ҳудудда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш ва янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга бағишланган йиғилишларда бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу йўналишда тегишли қарорлар қабул қилинди. Дори-дармон нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган қишлоқ врачлик пунктларининг фаолияти тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, 50 фоизи қисқартириладиган бўлди. Аҳолига қулай бўлган қишлоқ врачлик пунктлари сақлаб қолиниб, уларда нафақат амбулатор хизмат, балки стационар хизмат йўлга қўйилишигинеколог, стоматолог, педиатр, клиник лаборатория, ультратовуш текшириш, ЭКГ текшируви амалга оширилиши, 103 шохобча туну кун хизмат кўрсатиши белгиланди.

Соғлиқни соҳасида таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, тизимдаги ислоҳотларни ўрганиш ва унинг натижаларини муҳокама қилиб бориш мақсадида вилоят Кенгаши ҳузурида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали тадбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича вилоят комиссияси тасдиқланган эди. Эндиликда мазкур комиссия томонидан вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари, дорихоналар фаолияти ўрганиб борилмоқда.Сессияда комиссия раиси З.Шодиева ўрганиш натижалари бўйича маъруза қилди ва соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратди. 

Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраев вилоятда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш ва янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида ахборот берди.

Таъкидландики, бугунги кунда аҳолига кўрсатилаётган бирламчи амбулатор ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ташкиллаштиришда муассасаларнинг туман марказидан узоқ-яқинлиги, ҳудудий жойлашуви, аҳоли учун қулайлиги, бинонинг моддий-техника базаси, инфратузилмаси ҳисобга олинган ҳолда қишлоқ врачлик пунктлари негизида 43 та оилавий поликлиника ташкил этилмоқда.

“Туркистон-пресс”