2017-04-05 17:07:00

БОЛТИҚБЎЙИДА ЎЗБЕКЧА КУЙ ОҲАНГЛАРИ ЯНГРАДИ

Ўзбекистон миллий мусиқа меъросини кенг тарғиб этишга хизмат қилиб келаётган “Манзур” ансамбли шу йилнинг 14 мартидан 2 апрелига қадар Эстония, Финландия ва Латвия давлатларида ижодий сафарда бўлиб қайтди.

Ансамбль Болтиқ бўйи мамлакатларининг Вильянди, Паиде, Сауе, Курасара, Нарва, Хьюма, Алатскиви, Вору, Таллин, Хэльсинки ва Рига шаҳарларида концертлар, маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар ўтказиш билан бирга Финландия, Латвия ва Эстонияда нишонланган Наврўз тантаналарида махсус ижодий дастурлар билан иштирок этди.

Ушбу концерт сафари “Pro Logistic Services” компанияси ҳомийлигида ташкил этилиб, Эстониянинг “MUUILMAMUUSIKA” ташкилоти ҳамда Ўзбекистоннинг “OXUS Culture” ташкилоти ҳамкорлигидаги учинчи концерт лойиҳаси ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур ҳамкорлик 2015 йилда бошланган бўлиб, 2016 йил февраль ойида ташкил этилган “OXUS Culture” ансамблининг Болтиқ бўйи мамлакатларидаги “Назм ва наво” ҳамда ўтган йилнинг декабрь ойида ташкил этилган қорақалпоқ халқ ижодиёти ёш ижрочилари — бахши Гулистан Темирханова ҳамда жиров Саламат Аяповларнинг ижодий сафарлари шулар жумласидандир.

“Туркистон-пресс”