2017-04-05 20:15:00

ПОЙТАХТИМИЗДА ШАХМАТ БЎЙИЧА ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Тошкентда шахмат бўйича 8-18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг бешинчи тур баҳслари ўтказилди.  Бу ҳақда “Sports.uz” сайти хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, мамлакатимиз шахмат федерацияси ва Осиё шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақада қитъамизнинг йигирмага яқин давлатидан тўрт юзга яқин шахматчи ғолиблик учун баҳслашмоқда.

Чемпионатнинг саккиз ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларида ҳали бирон марта мағлубиятга учрамаган Алихон Авазхонов етакчилар қаторида бормоқда. У беш партиянинг учтасида ғалаба қозониб, иккитасида дуранг ўйнаган ва тўрт очко жамғарган. Камрон Каримов, Шаҳромбек Каримов ва Хумоюн Бегмуродов беш имкониятдан 3,5 очкодан тўплаган. Ушбу ёшдаги қизлар мусобақасида бир йўла икки шахматчимиз пешқадамлик қилмоқда. Одина Олимова беш партиянинг барчасида рақибларини мағлубиятга учратиб, 5 очко билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Афрўза Ҳамдамова эса беш имкониятдан 4,5 очко жамғариб, иккинчи ўринда бормоқда.

Ўн ёшгача ўғил болалар баҳсида муваффақиятли ўйнаётган Акобирхон Сайдалиев 3,5 очко тўплаган бўлса, Исломбек Синдоров, Умархон Фахриддинхўжаев, Оқжўл Раҳматуллаев, Султон Турсунов ва Давлат Маҳмуджонов ҳисобида 3 очкодан бор. Қизлар ўртасида Гулдона Каримова беш имкониятдан 3,5 очко жамғарган бўлса, Озода Тўрабоевада 3 очко бор.

Ўн икки ёшгача ўғил болалар ўртасида Жавоҳир Синдоров беш партиянинг тўрттасида рақибларини мағлубиятга учратиб, совринли ўринларга асосий даъвогарлардан бўлиб турибди. Ҳадиятулло Муҳамедов ва Бобур Бобохўжаев 3,5 очкодан жамғарган. Қизлар баҳсида Умида Омонова 3,5 очко, Мафтуна Бобомуродова ва Моҳинур Ҳабибуллаева 3 очкодан тўплаган.

Ўн тўрт ёшгача ўғил болалар ўртасида Нодирбек Абдусатторов 4,5 очко билан биринчи ўринда бормоқда. Мусобақада у БАА, Қозоғистон, Эрон ва Мўғулистон вакилларини мағлуб этиб, ҳиндистонлик шахматчи билан дуранг ўйнади. Али Қосимов, Сардор Болтаев, Меҳриддин Йўлдошев ва Самандар Шермуҳаммадов 3 очкодан жамғарган. Қизлар баҳсида Юлия Хегай ва Севинч Олимовада 3,5 очкодан, Дилбар Ҳамроева, Ирода Исмоилова ва Сафиноза Жалиловада 3 очкодан бор.

Ўн олти ёшгача ўғил болалар ўртасида Нодирбек Ёқуббоев, Саидакбар Сайдалиев ва Шамсиддин Воҳидов 4 очко билан кучли учликда бормоқда. Нодирбек ва Саидакбар беш партиянинг тўрттасида ғалаба қозонган бўлса, Шамсиддин учта ғалаба ва иккита дуранг натижа қайд этди. Қизлар ўртасида беш имкониятдан Холида Намозова ва Маржона Маликова 3,5 очкодан, Сетора Сафарова ва Зебо Абдуллаева 3 очкодан тўплаган.

Ўн саккиз ёшгача ўғил болалар ўртасида Армен Арутюнян ҳисобида 3 очко, Ортиқ Ниғматов, Георгий Шванов, Оқилбек Ҳамидов ва Беҳзод Солижонов ҳисобида 2,5 очкодан бор. Қизлар ўртасида Баҳора Абдусатторова 4,5 очко билан етакчилик қилмоқда. Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Моҳим Оразмуҳамедова 3,5 очкодан, Нилуфар Ёқуббоева ва Ҳилола Абдукаримова 3 очкодан тўплаган.

Осиё чемпионати давом этмоқда.

“Туркистон-пресс”