2017-04-06 15:00:00

“ҚИРОЛ КУБОГИ”ДА БОКСЧИЛАРИМИЗ ЗАФАР ҚУЧМОҚДА

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича нуфузли “Қирол Кубоги” мусобақаси давом этмоқда.

Дунёнинг 18 давлатидан чарм қўлқоп усталари қатнашаётган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси боксчилари ҳам кучли таркиб билан иштирок этишмоқда.

Мусобақанинг биринчи куни ҳамюртларимиздан Жасурбек Латипов, Шаҳрам Ғиёсов ва Исроил Мадримов рақибларини мағлубиятга учратишган эди. Кеча эса 4 нафар боксчимиз рингга кўтарилишди.

Жумладан, Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов филиппинлик Паалам Сарлони 3:0 ҳисобида енгди. Яна бир Олимпиада чемпиони Шаҳобиддин Зоиров эса Хитой Тайпейи вакили Као Шин Ёндан худди шу ҳисобда устун келди.

Рио-2016 Олимпиадаси совриндори Муроджон Аҳмадалиев филиппинлик Жеймс Палистега ҳеч қандай имконият қолдирмади —3:0. Элнур Абдураимов туркманистонлик Зуфар Сапарбаевни 3:0 ҳисобида енгди. 

Мусобақанинг иккинчи куни ҳам боксчиларимиздан Жасурбек Латипов, Шаҳрам Ғиёсов ва Исроил Мадримовларнавбатдаги жангларида ғалабага эришди.

Рио Олимпиадасининг кумуш медалисовриндори Шаҳрам Ғиёсов анча кучли рақиб — ҳиндистонлик Манож Кумарни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. 52 кг вазн тоифасидаги боксчимиз Жасурбек Латипов таиландлик Кртифак Дуангнутдан 3:0 ҳисобида устун келди.

75 кг вазн тоифасида медаллар учун курашётган Исроил Мадримов эса Хитой Тайпейи боксчиси Кан Чиа Вейга ҳеч қандай имконият қолдирмади —3:0.  

“Туркистон-пресс”