2017-04-06 18:11:00

ЭЛЕКТРОН “ЛИЦЕНЗИЯ” ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

Пойтахтимизда тадбиркорлик фаолиятини лицензиялашда интерактив хизматларни кўрсатувчи ва рухсат берувчи жараёнларни автоматлаштириш мақсадида “Лицензия” ахборот тизимлари комплексининг йўлга қўйилиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида ишга туширилган мазкур тизим 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган чора-тадбирлар ижроси доирасида жорий этилмоқда.

Тадбирда таъкидланишича, бу ахборот тизими орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истовчилар транспорт, архитектура, қурилиш, биржа, кўчмас мулк, савдо, тиббиёт, дорихона, таълим, маданият, спорт, туризм ва реклама каби 260 га яқин фаолият турлари бўйича лицензия ва рухсатномалар олиш бўйича тўлақонли маълумот олишлари мумкин ва бу интерактив хизмат орқали рухсатномаларнинг берилиш мудати 30 кундан 15 кунга қисқартирилган.

2016 йилнинг декабрь ойида синов режимида ишга туширилган “Лицензия” ахборот тизимлари комплексига 46 та давлат органлари ва уларнинг таркибий ташкилотлари ҳамда барча маҳаллий давлат ҳокимияти органлари уланган бўлиб, қисқа давр ичида у орқали бугунги кунгача 600 дан зиёд аризалар қайта ишланган ва 41 мингдан зиёд лицензия ва рухсатномалар реестри киритилган. Лойиҳа доирасида электрон лицензиялаш портали яратилиб, интернет тармоғидаги www.license.gov.uzэлектронманзили ишга туширилган.

“Лицензия” ахборот тизимлари комплекси 2017 йил давомида барча рухсатномалар берувчи давлат идораларида босқичма-босқич жорий қилинади. 2018 йилнинг 1 январидан рухсатномалар бериш жараёнлари автоматлаштирилиб, лицензия олиш учун зарур рухсат берувчи ҳужжатлар электрон тизим орқали олинади.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири