2017-04-06 18:18:00

“БАРКАМОЛ АВЛОД”: ТАЙЁРГАРЛИК ҚИЗҒИН ПАЛЛАГА КИРДИ

Жорий йил ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг финал босқичи Жиззах шаҳрида бўлиб ўтади. Айни кунларда мазкур мусобақани юқори савияда ўтказиш учун тайёргарлик ишлари авж паллада.

“Кичик Олимпиада” номини олган мазкур тизим бугун том маънода Ўзбекистон ёшларига олам-олам унутилмас лаҳзаларни улашадиган, уларни ҳар жиҳатдан тоблайдиган катта спорт байрамига айланиб улгурди. Мазкур уч босқичли спорт мусобақаларида маҳоратини оширган кўплаб ёш спортчиларимизни бугун жаҳон танийди. Улар эндиликда Ватанимиз байроғини нуфузли халқаро мусобақаларда, Олимпиада ўйинларида баланд кўтариб, юртимиз довруғини оламга достон қилмоқда.

Жиззахда “Баркамол авлод” спорт мусобақаларига кўрилаётган тайёргарлик ишларида бу жиҳатлар алоҳида эътиборга олиниб, спорт байрамини юқори савияда ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, мусобақаларни ўтказиш учун 3 та спорт комп­лексида қурилиш-монтаж ишлари қизғин кечмоқда. Айни кунларда тадбирнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари ўтказиладиган “Сўғдиё­на” универсал спорт мажмуаси тайёр ҳолга келтирилди. Жиззах олимпия захиралари коллежида эса қурилиш-таъмирлаш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Жиззах политехника институтининг спорт зали ва футбол майдонида ҳам таъмирлаш ишлари якунига етиш арафасида.

Тадбир иштирокчиларининг дам олишлари ва ов­қатланишлари учун 6 та ётоқхона ва 6 та овқатланиш бинолари тайёрланмоқда. Жумладан, ўғил болалар учун мўлжалланган 344 ўринли Жиззах педагогика коллежи ўқувчилар турар жойида таъмирлаш ишлари якунланди. 407 нафар талабага мўлжалланган Жиззах педагогика институти ётоқхонасида эса қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб, эшик ва ромлар янгиларига алмаштирилмоқда. Иштирокчи ўғил болаларнинг овқатланишлари учун Жиззах иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ҳамда Жиззах педагогика коллежларида янги ошхона қурилди. Ҳозир бу ерда жиҳозлаш, асфальт­лаш ва ҳудудни ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Қиз болалар учун Жиззах политехника институтининг 400 ўринли ётоқхонаси ва 200 ўринли ошхоналарда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётир. Шу билан бирга мусобақаларни бошқариб бориш учун ташриф буюрадиган ҳакамлар ва кенг оммани мусобақа тафсилотларидан хабардор этиб борувчи ОАВ ходимлари учун алоҳида турар жой ва ошхоналар ташкил этилиб, ҳозир уларда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Иштирокчиларнинг мусобақалардан бўш вақтларида маданий-маънавий тадбирлар ташкил этилиши бўйича Жиззах вилояти ҳокимлигининг маданият бошқармаси, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими билан биргаликда чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

2017 йилги беллашувлар рўйхатига олимпия спорт турларидан бадминтон спорт тури ҳам киритилди. Шундай қилиб, “Баркамол авлод”нинг спорт турлари 17 тага етказилди. Республикамиз миқёсида ўтказилаётган “Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақаларининг финал босқичида иштирок этиш учун жами 902 нафар (шундан 328 нафари қиз болалар) спортчи йўлланма олди. Мазкур тадбирда 210 нафар мураббий, 190 нафар ҳакам, 100 нафар ОАВ ходимлари қатнашиши кўзда тутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 25 октябрдаги 2017 йилда Жиззах шаҳрида ўтказиладиган “Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақаларининг республика финал босқичига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишнинг 1-сонли баёни ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ва ҳокимликларнинг масъул ходимлари билан бирга анъанага айланган спорт мусобақалари машъаласини Тошкент вилоятининг Паркент туманидан Жиззах шаҳрига олиб бориш юзасидан Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ҳудудидан ўтадиган йўналиш ўрганиб чиқилди. Алоҳида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, спортчи ўқувчилар машъалани олиб югуриш жойлари белгилаб олинди.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири