2017-04-06 18:34:00

СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР УЧУН ҚУЛАЙ ВА ИШОНЧЛИ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида жисмоний шахсларнинг даромадларини декларациялашнинг ҳуқуқий асослари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Қўмита масъуллари таъкидлашича, жисмоний шахсларнинг даромадларини декларция асосида солиққа тортиш муносабатларини Солиқ кодекси ва ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар асосида тартибга солиниши кўзда тутилган бўлиб, ушбу даромадлар таркиби Солиқ кодексининг 198-моддасида кўрсатиб ўтилган. Уларга мулкий даромадлари, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида, асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарздаги, икки ёки ундан кўп манбадан, Ўзбекистон Республикаси  ҳудудидан ташқаридаги манбалардан, солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлари декларация асосида солиқ солинадиган даромад турларига киришини билдиради.

Тадбирда жисмоний шахсларнинг мол-мулкларини ижарага беришдан олган даромадларини декларация асосида солиққа тортиш тартибларининг фарқли жиҳатлари ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, 2012 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган энг кам даромадини аниқлаш мақсадида уй-жойни ижарага берганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдорлари жорий қилинган.

Солиқ тўловчи жами йиллик даромади тўғрисида декларацияни тақдим этгандан сўнг, даромад солиғининг якуний суммаси ушбу декларация асосида қайта ҳисоб-китоб қилинган тарзда аниқланмоқда.

Шу билан бир қаторда мол-мулкни ижарага беришдан даромад олган жисмоний шахслар ўзлари учун қулай бўлган жойда ва куннинг исталган вақтида, Давлат солиқ қўмитаси расмий www.soliq.uz сайти ва Электрон солиқ хизматлари портали — www.my.soliq.uz орқали кўрсатилаётган “Жисмоний шахсларнинг даромадлари тўғрисидаги солиқ декларацияларини қабул қилиш ва қайта ишлаш” электрон давлат хизматидан фойдаланган ҳолда, электрон шаклда топширишлари мумкин эканлиги ва ушбу хизмат орқали солиқ декларацияларини хатосиз тўлдиришда ёрдам бериши билан бирга, жуда оддий бўлиб, бунинг учун фақат электрон рақамли имзога эга бўлиши кераклиги қайд этилди.

Тадбирда соҳага доир саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири