2017-04-06 19:00:00

АҲОЛИГА ҚУЛАЙ ШАРОИТ ЯРАТИШ ЙЎЛИДА

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси, “Сувсоз” давлат унитар корхонаси ва “Тошиссиққуввати” ишлаб чиқариш бирлашмалари томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 2375 та ХУЖМШ хизмат кўрсатувчи 9378 та кўп қаватли турар-жойлар ва 1805 та давлат жамоат бинолари жойлашган. 2016 йил давомида кўп қаватли уй-жой фондида 4280 та кўп қаватли уйларнинг том қисми мукаммал ва жорий таъмирланди, 5591 та кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмида таъмирлаш ва тартибга келтириш ишлари олиб борилиб, 357 та кириш йўлакларига темир эшиклар ва 1394 та кодли қулуфлар ўрнатилди.

Корхона томонидан ўтган давр мобайнида коммунал корхоналарнинг муҳандислик тармоқлари ва иншоатларини таъмирлаш ишлари бўйича бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиб, 30,9 километр иссиқлик тармоқлари, 20,3 километр совуқ сув тармоқлари, 2,9 километр канализация, 18,4 километр табий газ тармоқлари, 332 километр электр тармоқлари, 563 та трансформатор ва 27 та қозонхоналар мукаммал таъмирдан чиқарилди.

 “Сувсоз” давлат унитар корхонаси томонидан эса Тошкет шаҳрини ичимлик суви билан таъминлаш учун қуввати суткасига 2 миллион 326 минг м.куб. бўлган еттита сув иншоати узлуксиз ишламоқда. Шу билан бирга Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли, муассаса, корхона ва ташкилотларни ичимлик ва оқава сув хизматлари билан узлуксиз таминлаш учун соҳани барча турлар бўйича тўлақонли қамраб олган корхона қошида 10 та бўлим ташкил этилган. Бу каби тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида бугунги кунда Тошкент шаҳар аҳолисининг ичимлик суви билан таъмирланганлик даражаси 99,7 фоизни, оқава сув тармоқларига уланганлик даражаси эса 90 фоизни ташкил этади.

Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун “Сувсоз” давлат унитар корхонасида, Ислом тараққиёти банки иштирокида “Тошкент шаҳрининг канализация тизимини такомиллаштириш” инвестицион лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, якуний босқичга келтирилган. Шу давргача лойиҳа доирасида, уч канализация тозалаш иншоатлари учун жиҳозларни етказиб бериш, ўрнатиш ва фойдаланишга тушириш ва махсус вазифали машиналари сотиб олиш амалга оширилган.

– Бирлашманинг асосий фаолияти – иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларни узлуксиз ва ишончли иссиқлик таъминоти билан таъминлаш дейди, –“Тошиссиққуввати” ишлаб чиқариш бирлашмаси директори Боҳром Қурбонбеков. –Бугунги кунда Тошкент шаҳри аҳолисига етказилаётган иссиқлик таъминотининг 90 фоизи “Тошиссиқликмарказ”нинг 9 та йирик иссиқлик марказлари, 10 фоизи эса, “Тошиссиққуввати” ишлаб чиқариш бирлашмасининг 3 та йирик ва 200 та маҳаллий қозонхоналари хиссаларига тўғри келади.

Аҳолининг иссиқлик тизимига бўлган эҳтиёжини доимий таъминлаш учун 2016 йил давомида 38,72 километр масофадаги қувур ҳолатидаги иссиқлик тармоқлари қайта ётқизилди, шундан 3,47 километр магистрал иссиқлик тармоғидир.

Тадбирда ҳар бир тармоқ мутахассислари ўзларининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқан ҳолда ўзларининг ушбу таъминотларни аҳолига узлуксиз етказиш бўйича лойҳаларини ишлаб чиқанликларини ва 2017 йилга мўлжалланган дастурлари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ

“Туркистон-пресс” мухбири