2017-04-07 15:15:00

ЖИЗЗАХДА ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ОШИРИЛМОҚДА

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили  доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг  ҳудудларда аҳоли билан турли хил мавзулардаги учрашувлари давом этмоқда.

Жумладан, учрашувларда тиббиёт соҳасида кузатилаётган муаммо ва камчиликлар ўрганилиб, депутатлар иштирокида  ўз ечимини топмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири Олий Мажлис  Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Алишер Қодиров иштирокида Шароф Рашидов туманида бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда асосий эътибор 2017 йилда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан тумундаги тиббиёт бирлашмаларида амалга оширилаётган ишларга қаратилди.

Тумандаги 21 та қишлоқ врачлик пунктларининг фаолияти тўлақонли ўрганилиб, 13 та қишлоқ врачлик пункти негизида 6 та оилавий поликлиникалар ташкил этилди, 8 та қишлоқ врачлик пунктлари эса туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси таркибига қўшилди.

Ўрганишлар натижасида Хайрабод, Тоқчилик поликлиникаларини қайта таъмирлаш, Ҳамзаобод филиали биносини капитал таъмирлашга, Тоқчилик, Оқ олтин, Хайрабод поликлиникалари, Ҳамзаобод ва Гандумтош шаҳобчаларидаги бўлимларда эса тез тиббий ёрдам автомашинасини сақлаш учун шароит яратиш, Тоқчилик ва Ҳамзаобод шаҳобчаларини қўшимча 5 дона санитар автотранспорт билан таъминлашга,  Самарқандқудуқ ва Қоратепа қишлоқ врачлик пунктлари қошида врачларга оилавий яшашлари учун шароит яратиш каби камчиликлар аниқланиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъул ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди.

 Фаррух АБДУҲАМИДОВ

“Туркистон-пресс” мухбири