2017-04-07 15:25:00

“ШЎРТАН” ЖАМОАСИ “ЛОКОМОТИВ”НИ ДОҒДА ҚОЛДИРДИ

Футбол бўйича мамлакат Олий лигаси жамоаларининг 5-туридан ўрин олган дастлабки икки учрашуви бўлиб ўтди.

Иккала ўйин ҳам кутилмаган натижа билан якунланди. Амалдаги мамлакат чемпиони “Локомотив” меҳмонда Ғузорнинг “Шўртан” клубига 2:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.  Ғузорликлар вакиллари Умарбек Эшмуродов (17-дақиқа) ва Игорь Таран (78-дақиқа) киритган голлар қашқадарёлик мухлисларни хушнуд этди.

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби эса ўз мухлислари кўз ўнгида “Қизилқум” жамоасига Илҳом Юнусовнинг 41-дақиқада киритган голи эвазига 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”