2017-04-07 18:18:00

МУАММОЛАР ЎЗ ЖОЙИДА ЕЧИЛМОҚДА

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Нодир Мухторов, Акмал Раҳмонов ва Шуҳрат Тўхтабоев айни кунларда Тўрақўрғон туманида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш асносида маҳаллий давлат бошқаруви идоралари, корхоналар, ташкилотлар, ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини ҳам таҳлил қилиб, уларда ечилиши шарт бўлган масалаларга мутасаддилар эътиборини қаратишмоқда.

Жумладан, парламент ишчи гуруҳи раҳбари Нодир Мухторов туман марказидаги Янгиобод, Шарқ, Тошкент, Туркистон, Бирлашган, Исвахон маҳаллаларида ўтказган самимий мулоқотларда хонадонлардаги мавжуд аҳволни атрофлича ўрганиб чиқди. Биринчи галдаги эътибор фуқаролар томонидан ўртага ташланган таклиф-масалаларни ўз жойида ижобий ҳал этиш, қолаверса, бу борада тегишли раҳбарларининг масъулиятини оширишга қаратди.

Бирлашган маҳалласида яшовчи Жўрабой Обиджонов 15 йилдан буён хусусий тадбиркорлик билан эмин-эркин шуғулланиб келмоқда. “Акфа” ромларини ишлаб чиқарувчи ҳунарманд ўз бизнеси кўламини кенгайтириш мақсадида ҳозирда бўш турган бинодан фойдаланишни сўраб мурожаат этди. Депутатнинг ташаббуси ва амалий саъй-ҳаракати билан МФЙ кенгаши йиғилиш қарорига кўра, ушбу бино мебель ишлаб чиқариш ва таъмирлаш цехини юритиш учун тадбиркор ихтиёрига ажратилди. Эътиборлиси, бунинг натижасида янги 6 та иш ўрни яратилади.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Раҳмонов Шаҳанд қишлоғидаги Бозорбоши, Мажнунтол, Қашқаргузар, Боғишамол, Дукат маҳалларида яшовчи аҳоли хонадонларида бўлиб, юзга яқин фуқаро билан очиқ мулоқотда бўлди.

Мулоқотларда Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизни бугунги ва эртанги ёруғ кунларимиздан рози бўлиб ҳаёт кечиришига қаратилганини таъкидланди. Тадбиркорликни бошлаш ва уни изчил юритиш учун банклардан имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, иссиқхоналар қуриш, парранда боқиш, лимон ва ёнғоқ дарахтларини экиш орқали қўшимча даромадга эга бўлиш юзасидан атрофлича йўл-йўриқлар айтилди.

Бугунги доруломон кунлар учун беҳад шукрона айтаётган Қашқаргузар маҳалласида яшовчи 94 ёшли Зиёда момо Қушматова депутат билан учрашувда фарзанд-набиралари асосан тиш шифокори экани, уларга хусусий стоматология даволаш марказини очиш учун бўш бино ёки ер майдони ажратилишини сўради. Акмал Раҳмонов бу мурожаатни ижобий ҳал этиш бўйича туман ҳокимлигига тегишли тавсия берди.

Қуйи парламент вакили Шуҳрат Тўхтабоев Қатағонсарой қишлоғидаги Тошлоқ, Сарой, Шовон, Қатағон, Катта Қурама, Ўзбекистон маҳалларидаги халқ билан очиқ мулоқотида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фуқароларни ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммоларни ўз жойида ечилишида ташаббус кўрсатди.

Хусусан, Шовон МФЙ, 2-Чашма кўчасида истиқомат қилувчи Хабибулло Маҳкамов ва унинг турмуш ўртоғига туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасининг неврология бўлимида даволаниш учун жой ажратилди. Сарой МФЙ ҳудудидадаги 80 нафар фуқаронинг газ баллонларига суюлтирилган газ тўлдириб берилди. Эътибор ва эъзоздан бироз четда қолган, беш фарзандини ўстираётган шовонлик  Ўктамжон Қўлдошевга туман молия бўлими томонидан май ойидан моддий ёрдам пули берилиши таъминланди.

Таъкидлаш жоизки, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантиришни ўзида акс эттирган бундай очиқ мулоқотлар жойларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда тегишли раҳбарлар ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишда долзарб аҳамиятга эгадир.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”