2017-04-08 15:19:00

НАҚШИН ДЎППИЛАР СЕҲРИ

Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Нақшин дўппилар сеҳри”, “Нафис матолар жилоси” ҳамда “Устоз-шогирд наздида она юрт мадҳи” номли кўргазмалар намойиши бошланди.

Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда тарихий анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш, ноёб топилмалар муайян бир халқнинг ўтмиши, унинг маънавияти ва қадриятларини ўзида акс эттириши ҳақида гапиришди.

— Бой меросимизни сақлаш ва келажак авлодга етказиш долзарб масалалардан биридир, — дейди Самарқанд давлат бирлашган бадиий, тарихий-меъморий музей-қўриқхонаси директори Х.Муҳаммадиев. — Кўргазмаларда музей фондида сақланаётган Тошкент, Фарғона, Наманган, Бухоро, Қўқон, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилояти ҳунармандлари томонидан яратилган пахта ва ипак хом ашёсидан тўқилган 200 га яқин миллий матолар ҳамда уларга гул босиш санъати намуналари, шунингдек, 100 дан ортиқ дўппилар намойиш этилмоқда.

Бундан ташқари, Самарқанд санъат коллежининг амалий графика бўлими ўқитувчи ва ўқувчиларининг юртимизнинг жаннатмакон табиати, самимий инсонлари, юртимизнинг сўлим қишлоқлари ва тарихий обидалари акс эттирилган 100 га яқин манзара, натюрморт ва портрет жанрларидаги рангтасвир асарлари намойишга қўйилган.

Кўргазма 26 апрелгача давом этади.

“Туркистон-пресс”