2017-04-10 13:00:00

ДЕПУТАТ КЎМАГИДА ФЕРМЕРГА 500 МЛН. СЎМ КРЕДИТ АЖРАТИЛДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Қорақалпоғистон Республикасидан сайланган Зафар Ханиязов Қўнғирот тумани аҳолиси билан учрашиб, уларни ўйлантираётган масалаларни артофлича ўрганмоқда.

Туманидаги “Тарақли”  МФЙ,  “Канли” ОФЙ,  “Суйенли” ОФЙ,  “Хоразм” ОФЙ ҳудуди сайловчилари билан ўтказган мулоқотида тадбиркорликни йўлга қўйиш ва фаолиятини янада кенгайтириш учун тижорат банкларидан кредит олишда кўмак сўраган 7 нафар фуқарога жойида амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, “Альян” фермер хўжалиги раҳбари Баватдин Альяновга “Қишлоқ қурилиш банки”дан 500 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди.

Шунингдек, ҳудуд аҳолиси тоза ичимлик суви,  электр энергияси ҳамда чекка ҳудудларга доимий транспорт қатновини йўлга қўйиш бўйича ҳам ўз таклифларини билдиришди.

—Халқимиз турмуш тарзини яхшилаш мақсадида кам таъминланган оилаларга берилаётган имтиёзли кредит ҳисобидан ҳозирга қадар овулимизда 51 нафар фуқаро кредит олиб,  ўз тадбиркорлигини бошлади, — дейди “Канли” ОФЙ раиси З. Сейдуллайева.—Бу ишсиз юрган аҳолимиз, йигит-қизларимиз бандлиги таъминланишига, оилаларнинг фаровонлиги таъминлашга хизмат қилади.

Айни кунларда З. Ханиязов тумандаги ишлаб чиқариш объектлари, таълим, тиббиёт муассасалари, хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини фаолиятини кўздан кечириб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқда.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аьзоси Клара Джумамуратова ҳам Хоразм вилояти Урганч шаҳри аҳолиси билан мулоқот қилиш баробарида шаҳардаги таълим муассасаларининг умумий аҳволи билан ҳам қизиқди.

Урганч шаҳридаги5-сон мактаб фаолияти ўрганилганда ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласида айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Ота-оналарга фарзандингиз мактаб томонидан қачон тиббий кўрикдан ўтказилган, деб мурожаат қилинганида, аниқ вақтни айта олмаганликлари ўқувчилар саломатлигига етарли эътибор берилмаганлигини исботлади.

Бу бўйича тиббиёт бирлашмалари ва мактаб раҳбариятига тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан назоратга олинадиган бўлди.

Шунингдек, Гурлан тумани “Сахтиён” қишлоғининг “Ватанпарвар”, “Сахтиён”, “Чаккалар” ва “Обод” маҳаллалари аҳолиси билан ҳам мулоқотлар ўтказган депутат уларнинг муаммолари билан яқиндан танишди ва ечим топишда мутасадди ташкилот вакилларини ҳам жалб этди.

—Учрашувларда бандлик масаласи кўп кўтарилди, — дейди депутат Клара Жумамуратова. —Жумладан, 32 та хонадонга кирган бўлсак, 12 нафар фуқаро иш билан таъминлашда кўмак сўраб мурожаат қилди. Шулардан 8 нафари хотин-қизлардир. Мазкур масалани атрофлича ўрганиб, тумандаги “Мурувваттекс Хоразм” шўъба корхонасида бўш иш ўринлари борлигини аниқладик ва опа-сингилларимизни шу ерга ишга жойладик. Йигитларимизнинг бандлигини таъминлаш учун эса туман Банкликка кўмаклашиш марказига тегишли топшириқ берилди. Тез кунларда улар ҳам ўзларига муносиб иш билан таъминланадилар.

“Туркистон-пресс”